ФОТОРЕПОРТАЖ
ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан “Фарғона ёшларининг парламентдаги овози” шиори остида ёшлар форуми ўтказилди. Форумнинг асосий мақсади ёшларни парламент жараёнларига фаол жалб қилиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, қонунчилик ташаббусларини илгари суриш ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишдан иборатдир.
Қўқон университетида ўтган тантанали очилишда Қўқон шаҳар ҳокими М. Усмонов, ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси ўринбосари Ш. Ўктамов ва фаол ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
[gallery-24015]
Ш. Ўктамов ўз нутқида ёшларнинг парламентдаги фаол иштироки миллий тараққиётнинг муҳим асоси эканини таъкидлади. Шунингдек, ёшлар форуми уларнинг сиёсий билим ва қарашларини мустаҳкамлаб, ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирокини кучайтиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилишини билдирди.
Шу куни парламент ёшлар гуруҳи иштирокида “Парламенти модели” тадбири ўтказилди. Унда ижтимоий тенглик ва замонавий талаблар асосида имтиёз ва грантларни тақсимлаш, шунингдек, фриланс ва рақамли меҳнат соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқишга бағишланган мунозаралар бўлиб ўтди.
Форум доирасида иштирокчилар шаҳар ва туманлардаги тарихий-маданий мерос объектларига ташриф буюрди.
Форумнинг якуний қисмида иштирокчилар тантанали равишда тақдирланди. Уларда билдирилган ташаббус ва таклифлар асосида ёшлар манфаатини кўзда тутувчи қонунчилик таклифлари ишлаб чиқилиши ва тегишли давлат органларига тақдим этилиши режалаштирилган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА