Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламент ваколатлари кенгаядими?
14:22 / 2022-07-22

Давлат раҳбарининг баъзи бир ваколатлари парламентга ўтказилиши Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар амалга оширилаётгани, бу ишлар эса ортга қайтмаслигини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу ўзгариш Олий Мажлис ваколатларини кенгайтириш баробарида, халқ вакилларининг масъулиятини янада оширади.

Давлатдаги муҳим лавозимларга тайинлашда яккабошлик эмас, балки кўпчиликнинг фикри инобатга олинишига имкон беради. Сўнгги йилларда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, давлат ва жамият ишларида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш сари амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимида Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Коррупцияга қарши курашиш масаласи халқ вакиллари эътибор марказида бўлади.

Коррупцияга қарши курашиш масаласи жамиятнинг барча соҳасига тааллуқли бўлгани боис Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши, парламент палаталарига Агентликнинг миллий маърузасини киритиши мантиқан тўғри. Бу билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида қилинган ишлар атрофлича таҳлил ва муҳокама қилиниши билан бирга, келгусида қай жиҳатларга эътибор қаратилиши лозимлиги тўғрисидаги масалалар ҳам халқ вакиллари эътибор марказида бўлади. 

Ҳозир коррупцияга қарши курашиш энг долзарб вазифа эканини инобатга олиб, бу бўйича тегишли қоидаларни Конституцияга киритиш масаласи муҳим мақсадлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Конституциянинг Олий Мажлис Сенатининг мутлоқ ваколати билан боғлиқ 80-моддасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш, шунингдек, Конституциянинг Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари билан боғлиқ 78-моддасига Агентликнинг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузасини кўриб чиқиш ваколатини киритиш мақсадга мувофиқдир. 

Қолаверса, Президент ваколатлари билан боғлиқ Конституциянинг 93-моддасига Агентлик директорини тайинлаш ҳамда ҳисоботини кўриб чиқиш ваколатини белгилаш ҳам муҳим масаладир. 

Бу ўзгартишлар натижасида, Агентлик конституциявий орган сифатида ўз мақомига эга бўлади. Жамиятдаги ўрни ва нуфузи ошади ҳамда ўз фаолиятидаги масъулияти янада кучаяди. Шу билан бирга, ўз ваколатларидан самарали фойдаланишларида кенг имкониятлар яратади. Президент ва Олий Мажлис палаталари олдидаги ҳисобдорлиги кучаяди.  

Бир сўз билан айтганда, Агентликнинг коррупцияга қарши курашдаги иш фаолияти янги босқичга кўтарилади ҳамда амалий натижадорлик ошади. 

Ҳисоб палатаси фаолияти ҳам такомиллашади, ҳам самарадорлиги таъминланади 

Давлат раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказиш таклиф этилди. Мисол учун, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш. Бу ниҳоятда муҳим ва керакли таклиф десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Негаки, давлат бюджетининг сарф-харажатлари бўйича халқ вакиллари томонидан парламент назорати ўрнатилиши, бундан халқнинг бевосита хабардор бўлиб боришига ҳам муҳим таъсир кўрсатади. 

Конституциянинг 78-моддасида Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш ваколати бевосита Олий Мажлис палаталарининг мутлақ ваколатларига киритилган. Бу, албатта, доимий тарзда парламент аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш, таклиф ва тавсиялар бериш, зарурий қарорлар қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади. 

Хабарингиз бор, 2019 йили “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги махсус қонун қабул қилинган. Мазкур қонунда Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида бевосита Президентга бўйсунади, қолаверса, Президентга, шунингдек, Олий Мажлис палаталарига ҳисобдорлиги белгилаб қўйилган. 

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, албатта, демократик давлатда парламентнинг ўрни ва роли ошиб бориши лозим. Зеро, халқ вакилларидан иборат парламент орқали халқимизнинг муаммоларини ечиш осонлашади. Парламент ваколатлари кенг бўлган давлатларда ривожланиш, халқ ёки унинг вакиллари билан ҳисоблашиш, ҳукуматнинг масъулияти янада ошади. 



Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ, 

Ўзбекистон Республикаси 

Жамоат хавфсизлиги университети профессори 

ЎзА