Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламент вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларда назорат-таҳлил тадбирларини олиб боряпти
17:45 / 2024-03-01

Президентимиз раислигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишларда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт, экология ҳамда ижтимоий соҳаларда 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий устувор вазифалар ва йўналишлар белгилаб берилди.

Ушбу белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қўшма қарори тасдиқланди. Унга кўра, Ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, айни пайтда жойларда ўрганишлар олиб боряпти. Барча соҳадаги ўрганишлар якунлари маҳаллий Кенгаш сессияларида муҳокама этилиши кўзда тутилган. 

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Хайрулло Ғаффоров бошчилигидаги Ишчи гуруҳи аъзолари Андижон вилоятида бўлиб, қурилиш-бунёдкорлик, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганмоқда. 

Дастлаб депутатлар “Янги Андижон” шаҳрини барпо этиш ишлари билан танишди. Мазкур шаҳарни босқичма-босқич комплекс қуриш учун 4 минг гектар ер майдони ажратилган. Лойиҳа натижасида 440 минг аҳоли учун турар жой, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, кичик саноат ва яшил ҳудудларни барпо этиш кўзда тутилган. Халқ вакиллари лойиҳа доирасида ичимлик суви ва канализация тармоқлари, электр энергияси, табиий газ ва иссиқлик тармоқларини тортиш, автомобиль йўллари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ижтимоий соҳа, инфратузилма объектлари ва умумий фойдаланиш майдонларини қуриш борасидаги ишлар билан қизиқдилар. Мутасаддиларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. 

Ишчи гуруҳ аъзолари Андижон шаҳридаги 1-сон умумтаълим мактабида бўлиб, шароитлар билан танишди. Ўқувчи ва мураббийлар билан суҳбатлашилди. 

Шунингдек, ўрганишлар мобайнида халқ вакиллари томонидан Андижон шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари ташкил этилди. Мазкур амалий тадбир натижасида 100 дан зиёд турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. 

Барча ҳудудда ишчи гуруҳларининг ўрганиш ишлари қизғин давом этмоқда. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА