Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири давом этмоқда.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда хотин-қизлар мамлакатимиздаги демократик жараёнларнинг, халқчил ислоҳотларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
–Биз республикамиз бошқарув тизимида, парламент ва маҳаллий кенгашларда, турли соҳаларда билимдон ва фидойи опа-сингилларимизнинг улушини кўпайтиришга алоҳида аҳамият қаратамиз. Уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада кучайтириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, она Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган сизлар каби минг-минглаб жонкуяр аёллар, фаол қизларимизга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этишга ижозат бергайсиз. Шу билан бирга, бугунги файзли даврамизда иштирок этаётган дипломат хонимларни – хорижий давлатларнинг ҳурматли элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам чин дилдан самимий қутлайман. Сизларга ўзаро манфаатли ва кўп қиррали муносабатларимиз ривожига қўшаётган муносиб ҳиссангиз учун, алоҳида ташаккур изҳор этаман,– деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА