Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламент сўрови натижалари ялпи мажлис муҳокамасида
15:38 / 2021-06-25

Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунга қадар 541 та давлат улуши мавжуд корхонанинг 247 таси 2,3 триллион сўм қийматда савдога чиқарилиб, 96 таси 411,6 миллиард сўмга сотилган. Давлат геология қўмитаси тасарруфидаги 6 та йирик давлат корхонаси акциядорлик жамиятлари сифатида қайта ташкил этилиб, уларнинг кузатув кенгашларига 6 нафар чет эллик малакали эксперт мустақил аъзо сифатида жалб этилган. Геологик изланишлар йўналишида 400 миллион долларлик кредит шартномалари расмийлаштирилиб, халқаро банклар билан 900 миллион долларлик синдикатланган кредит ажратиш тўғрисида битимлар тузилган.  

 Бўш турган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватларини (объектлар) ишлаб чиқаришга жалб қилиш юзасидан ўтказилган хатловлар натижасида 27 минг 675 та объект аниқланиб, 1 минг 215 та объект бўш турганлар тоифасидан чиқарилган. 1 минг 146 та объектдан келгусида самарали фойдаланиш белгиланиб, 744 та янги объектдан самарали фойдаланиш чоралари кўрилган.  

 Ёқилғи-энергетика ва тоғ-кон металлургия саноатлари корхоналарида ресурс ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш даражасини ошириш, технологик йуқотишларни камайтириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги қарори билан ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланиб, чора-тадбирлар белгилаб олинган.  

 Истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилиб, ўтган давр ичида республика ҳудудида 25 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 8 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари янгиланиб, реконструкция қилингани натижасида 1,7 миллиондан ортиқ аҳоли хонадонларида электр таъминоти яхшиланган.  

 Саноатни рақамлаштириш, модернизация ва диверсификация қилишни жадаллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш учун шароитлар яратиш, саноатда бозор механизмларини кенг жорий этиш, илмий ютуқлардан самарали фойдаланиш мақсадида 2030 йилгача саноатини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва иқтисодиётни рақамлаштириш кўламини кенгайтириш бўйича телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун соҳада йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши таъминланган. Оптик толали алоқа линияларининг узунлиги 81 минг километрни ташкил этиб, жорий йил якунига қадар 118,6 минг километрга етказиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 1,7 миллионта кенг полосали интернет тармоғига уланиш портлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сонини 2021 йил охирига қадар 3,9 миллионтага етказилиши режалаштирилган.  

 Ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш доирасида 9 минг 347 та халқ таълими, 5 минг 625 та мактабгача таълим муассасалари ва 3 минг 401 та соғлиқни сақлаш объектларининг юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун мавжуд техник қувватларни кескин ошириш ҳисобига 2019 йилнинг шу даврига нисбатан алоқа каналлари ижараси тарифлари 2 баробарга, 2020 йил давомида интернет хизмати тарифлари 29 фоизга арзонлаштирилди.  

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА