Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламент палаталари ваколатларига киритилаётган ўзгартишлар моҳияти нимада? (Видео)
15:15 / 2023-10-11

Маълумки, Олий Мажлис палаталарининг фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Айни пайтда ушбу қонун лойиҳаси юзасидан 200 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушган. Мазкур қонун лойиҳасининг мазмуни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш муҳим ҳисобланади.

Ушбу қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган янгиликлар хусусида Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммаджон Валиев билан суҳбатлашдик.

— Ушбу қонун лойиҳаси янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қоидаларини Конституциямизга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси 17 та моддадан иборат бўлиб, у билан 13 та қонунга ва 1 та Кодексга (Сайлов кодекси) тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Жумладан, Сенатнинг ваколатлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда. Унга кўра, Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш, қонунни у Сенатга келиб тушган кундан эътиборан 60 кун ичида кўриб чиқиш Сенат ваколатига ўтказилмоқда. Шунингдек, Сенат аъзолари ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сайланиши, 9 нафари Президент томонидан тайинланиши белгиланмоқда. Доимий асосда ишловчи сенаторлар сони амалдагидек 25 нафар миқдорда сақланиб қолмоқда. Бундан ташқари, Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тугатилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан Сенатнинг бир қатор ваколатлари бекор қилиниб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланмоқда. Хусусан, давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш, Президентнинг тақдимига биноан Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Бош вазир, Ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида ўз аксини топмоқда. Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда.

Фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида қонун лойиҳасида 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар, шунингдек, Сенат, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссиясига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилмоқда, — дейди депутат.

Материалнинг тўлиқ шакли билан қуйидаги видеоҳаволада танишиш мумкин.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Ths_tUOMhTE" title="Парламент палаталари ваколатларига киритилаётган ўзгартишлар моҳияти нимада?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муҳтарама Комилова, ЎзА