Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори жорий йилнинг 4 май санасида қабул қилинган эди.
Ушбу қўшма қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, Сенат ишчи гуруҳи раҳбари Рисқул Сиддиқов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Сайёра Суярова, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва соҳа вакиллари билан биргаликда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ҳамда Дўстлик туманларида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилишини кўздан кечирди.


Дастлаб, Парламент вакиллари Шароф Рашидов туманида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича белгиланган барча зарур агротехник тадбирларнинг бажарилиши юзасидан ўрганиш ўтказди.
Ушбу ўрганиш жараёнида, тумандаги “Истиқлол” ҳамда “Ёйилма” маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудидаги ишсиз фуқароларга ажратилган 25 сотихли ер майдонидаги картошка, сабзи, лавлаги, ошқовоқ ва ловия экинлари экиб, ердан самарали фойдаланаётганлиги кўздан кечирилди ва ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирларга юқори баҳо берди.


Сенат ишчи гуруҳи раҳбари Рисқул Сиддиқов бошчилигида маҳаллий Кенгаш депутатлари ва соҳа вакиллари билан биргаликда Дўстлик туманидаги “Наврўз” ҳамда Манас маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудидаги ишсиз фуқароларга ажратилган 25 сотихли ер майдонидаги узумчиликда ҳамда ток қатор ораларига полиз (тарвуз, ошқовоқ) ва дуккакли (ловия) экинлар экиб ердан самарали фойдаланаётганлиги аҳволи ҳам ўрганилди.

Шунингдек, вакиллар Манас МФЙ ҳудудидаги “Vexel Impex” MЧЖ мева-сабзавотчилик агрокластерига қарашли 60 гектар ер майдонида экспорт учун етиштирилаётган полиз маҳсулотларига намунали ишлов берилаётганини, экинлар баравж ривожланаётгани таъкидлаб ўтди.
Парламент назорати давомида ишчи гуруҳи вакиллари томонидан бу каби ишлар ҳар иккала туманда ҳам қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, узумчилик соҳасини ривожлантириб, экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг арзон ва сифатли маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қаноатлантиришга хизмат қилишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА