Термизда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Президент Мурожаатномасида парламент назоратини кучайтириш ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари”га бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фаол фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар, жумладан, парламент назоратини институционал жиҳатдан кучайтириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, депутатлик назоратининг таъсирчанлигини таъминлаш, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштиришнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Давра суҳбатида халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси А.Чориев, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари З. Алимарданова, Олий Мажлис Сенати аъзоси Д.Сувонова, халқ депутатлари Термиз шаҳар кенгаши раиси Д.Нормурадоваларнинг “Президент Мурожаатномасининг 2026 йилда давлат бошқаруви ва парламентчилик тизимини такомиллаштиришдаги аҳамияти: парламент назоратини кучайтириш, маҳаллий Кенгашлар ва сиёсий партиялар ролини оширишга қаратилган устувор вазифалар”, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштиришнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти”, “Президент Мурожаатномаси – давлат бошқарувида янги сиёсий маданият”, Президент Мурожаатномасида депутатлик назорати ва жамоатчилик манфаатларини таъминлаш масалалари” мавзуидаги маърузалари тингланди.

Тадбирда Мурожаатномада маҳаллий вакиллик органларининг давлат бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш, ҳокимият тармоқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, ҳоким ва кенгаш раиси ваколатларини ажратиш ислоҳотининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилиб, бу янгилик маҳаллий Кенгашларнинг назорат ваколатларини кенгайтириб, депутатларнинг ижро ҳокимияти фаолияти устидан самарали назорат ўрнатишида муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Сенат ва маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, қонунлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш, сиёсий партиялар фракцияларининг маҳаллий қарорлар сифатини оширишдаги роли, депутатларнинг сайловчилар билан ишлаш маданиятини юксалтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Давра суҳбатида Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни ҳудудларда самарали амалга ошириш, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида ташаббускорлик ва масъулиятни кучайтириш ҳамда парламент ва депутатлик назорати механизмларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА