Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламент комиссияси йиғилишида дастурлар ижроси муҳокама қилинди
17:20 / 2023-10-13

Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб, Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича БМТ иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш юзасидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, миллий ҳаракатлар режасининг 9-бандида камситишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Адлия вазирлигининг таҳлилларига кўра, миллий қонунчилик ҳужжатларида камситишга қарши ҳамда камситишдан жабрланганларнинг ҳуқуқларини кафолатловчи нормалар етарлича ишлаб чиқилган. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда, маъмурий, жиноий ва фуқаролик кодексларида шахсни камситиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жавобгарлик борлиги белгиланган.

Шунингдек, йиғилишда Президентимизнинг 2023 йил 12 майдаги фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур дастур ижроси доирасида жорий йилнинг 25-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси ҳамкорлигида халқаро конференция ташкил этилди.

[gallery-13998]

Шунингдек, комиссия аъзолари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси” бандларининг бажарилиши юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг умумлаштирилган маълумотини ҳам муҳокама қилди. 78 банддан иборат Миллий стратегияда 33 та қонун ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг 20 та қонуни қабул қилинди.

Инсон шаъни, қадр-қиммати билан боғлиқ ҳар қандай камситишларнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун имтиёзлар бериш, болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигига эришиш мазкур "йўл харитаси"да белгиланган вазифаларда устуворлик касб этади.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 25-банди ижросини таъминлаш мақсадида Миллий марказ томонидан тайёрланган “Бола ҳуқуқларини ўргатиш” ва “Бола ҳуқуқлари” қўлланмалари тўғрисидаги маълумотнома ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу қўлланмада бола ҳуқуқлари бўйича асосий тушунчалар ҳамда болаларнинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари ёритилган. Болалар ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 40дан ортиқ ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилган.

Якунда барча масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/G3zAPXRe5tg" title="Парламент комиссияси йиғилишида дастурлар ижроси муҳокама қилинди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муҳтарама Комилова, Отабек Мирсоатов (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА