Олий Мажлиснинг Парламент комиссияси аъзолари ва Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди вакиллари Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳри ва Бухоро туманида бўлиб, аҳоли муаммоларини ҳамда ўз ечимини кутаётган ижтимоий аҳамиятга эга бошқа масалаларни ўрганмоқда.
– Фуқаролик жамияти институтларига амалий ёрдам кўрсатиш, ҳудудларда долзарб ижтимоий соҳадаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида Парламент комиссияси аъзоси сифатида бириктирилган ҳудудда халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, Жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмаларидан иборат ишчи гуруҳ иштирокида аҳоли хонадонларида ва маҳаллалар фуқаролар йиғинларида бўлиб, муаммолар ўрганилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Парламент комиссияси аъзоси Мадина Баратова. – Эътироф этиш лозим, ўтган давр ичида мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш инвестиция дастури, “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастурлари ва бир қатор дастурлар доирасида амалга оширилган ишлар натижасида аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқариш, ҳудудларнинг инфратузилма шароитларини яхшилаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида қатор амалий ишлар қилинган, ижобий натижаларга эришилган. Ўрганиш натижалари бўйича фуқаролик жамият институтларига манзилли грантлар эълон қилиб борилади. Бу ўрганишлар жойлардаги муаммоларнинг ижобий ечим топишида муҳим аҳамият касб этади.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар натижаси бўйича ҳар бир ҳудудга мўлжалланган, хусусан, ичимлик суви, мактаб ва поликлиникалар инфраструктураси, аҳоли бандлиги ва саломатлиги соҳаларида аҳолини қийнаётган муаммоларнинг манзилли ва самарали ечимига қаратилган грант танловлари эълон қилиниши режалаштирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири