Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламент ҳаёти ёшларда катта таассурот қолдирди
12:09 / 2024-12-20

Касаба уюшмалари тизимида фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди.

Парламентнинг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев ҳамда мазкур қўмита депутатларининг ёшлар билан учрашувида қуйи палата, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда қўмита иш фаолияти, қонунларни қабул қилиш жараёни ҳақида сўз борди.

Хусусан, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш, биринчи ва иккинчи ўқишга тайёрлаш, ялпи мажлис муҳокамаларига киритиш билан боғлиқ муҳим масалалар, Ёшлар масалалари бўйича комиссия ҳамда унинг ҳузуридаги Ёшлар парламенти фаолияти бўйича атрофлича маълумот берилди.   

Таъкидланганидек, ёшларни қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жалб қилиш қабул қилинаётган қонунларда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттириш, уларнинг жамият ҳаётида фаоллиги ва ташаббускорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.    

Замонавий талабларга жавоб берадиган парламент кутубхонаси, Олий Мажлис тарихи, тараққиёти акс этган музей ҳамда ҳаётимизга дахлдор қонунлар қабул қилинадиган катта мажлислар зали ёшларда қизиқиш уйғотди.    

Г.Бобоева,

ЎзА