Шу йил 15-17 декабрь кунлари пойтахтимизда “Инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида ҳамкорлик” мавзусида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш доирасида инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати В.Н.Пак мазкур анжуманнинг аҳамияти ҳақида ўз муносабатини билдирди:
— Бугунги мураккаб геосиёсий ва глобал иқтисодий жараёнлар шароитида анъанавий дипломатия билан бир қаторда парламент дипломатиясининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг учинчи йиғилиши минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим воқеа бўлди.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мазкур учрашув парламентлараро мулоқотни институционал жиҳатдан ривожлантириш, ўзаро ишонч ва конструктив шерикликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилди. Ушбу формат 2023 йилда Сеул шаҳрида ўтказилган биринчи йиғилишдан бошлаб барқарор ва изчил ривожланиб келмоқда. 2024 йилда Ашхободда бўлиб ўтган иккинчи йиғилиш эса парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш ва давлатлараро келишувларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тошкентдаги учинчи йиғилишда инсон қадри, ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби умуминсоний қадриятлар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди. Глобал беқарорлик ва иқлим ўзгариши шароитида парламентлар ўртасидаги очиқ ва ишончли мулоқот алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Корея Республикасининг инновация, рақамлаштириш ва юқори технологиялар соҳасидаги тажрибаси Марказий Осиё давлатлари учун катта амалий аҳамиятга эга. Айни пайтда минтақанинг иқтисодий салоҳияти ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратади. Бу жараёнда парламентлараро дипломатия давлатлараро муносабатларнинг самарали қўшимча механизми сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон учун ушбу формат Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Парламент дипломатиясини фаоллаштириш ва минтақавий барқарорликка ҳисса қўшиш мамлакатимиз устувор вазифаларидан.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиё ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг мунтазам учрашувлари қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш билан бирга, халқлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Учинчи йиғилиш якунлари асосида эришилган келишувлар минтақавий тараққиётни таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА