Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро қўмитаси кўмагида “Парламент дипломатияси – Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларининг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда депутатлар, Сенат аъзолари, хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳлари раислари, Ташқи ишлар вазирлиги, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Парламент тадқиқотлари институти, Марказий Осиё халқаро институти вакиллари маърузалари тингланди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки сезиларли даражада кенгайди. Давлатимизнинг фаол ва прагматик ташқи сиёсати мунтазам ўсиш хусусияти, тинчликпарварлиги билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда. Ўз навбатида, мамлакат олий вакиллик органи бўлмиш икки палатали парламентнинг ташқи сиёсатдаги ўрни ва роли ҳам ҳар қачонгидан кўра юксалди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров 2020 йил 25 сентябрда тасдиқланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашлари қўшма қарорида “парламент дипломатияси минтақалараро алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш, давлатлар аро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда халқ дипломатияси ролини оширишни шакллантиришга таъсир этувчи асосий омил” сифатида белгиланганини таъкидлади.
Шунингдек, мазкур ҳужжатда парламентлар аро мулоқот жараёнига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш орқали халқ дипломатияси тизимини шакллантиришга кўмаклашиш парламент дипломатиясининг устувор йўналиши экани айтилди.
Давра суҳбатида парламент дипломатияси халқаро майдонда миллий манфаатларимизни дадил илгари суриш имконини бераётгани, шу билан бирга бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар бисёрлиги эслатиб ўтилди. Айни жараёнда Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ва комиссиялари фаоллигини ошириш, Марказий Осиё давлатлари билан икки ва кўп томонлама алоқани кучайтириш, халқаро парламент уюшмаларидаги фаолиятни жадаллаштириш, Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтлари амалий ҳамкорлигини кенг йўлга қўйиш муҳим вазифалар сирасига киради.
Қизғин муҳокама, мунозара тарзида ўтган давра суҳбати иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида Қўмита қарори қабул қилинди.
Тадбир доирасида Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев муаллифлигида чоп этилган “Ўзбекистон Республикаси ва жаҳон ҳамжамияти” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА