Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламент дипломатияси концепцияси асосида халқаро ва минтақавий ҳамкорлик ривожлантирилди
18:28 / 2025-12-31

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2025 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоби ҳамда келгусидаги устувор вазифаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисда парламент дипломатияси концепцияси асосида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтириш ва ташаббусларини фаол илгари суриш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш, тегишли соҳалардаги қонунчиликни такомиллаштириш, парламент назоратини кучайтириш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий парламентлар, парламентлараро тузилмалар ҳамда халқаро ташкилотлар билан 200 дан зиёд учрашув, қўшма тадбир ва форумлар муваффақиятли ўтказилганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси юқори даражада ўтказилди.

Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолияти доирасида қатор тадбирлар ўтказилиб, халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий фаолият, инвестиция муҳити ва туризм соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар билан манзилли ишлар олиб борилди.

Хусусан, экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг инвестициявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳиятини ошириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқ билан мулоқот ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга устувор аҳамият берилиб, келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Сенаторларнинг жойларда ўтказган сайёр қабуллари орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ташвишга солган масалаларни ҳал этишга кўмаклашилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, қўмитанинг 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий йўналишлари белгилаб олинди.

                                                              Н.Абдураимова, ЎзА