Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Паркентсойда янги турар-жойлар ўз эгаларига топширилди
16:14 / 2025-09-02

Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Паркент туманида қувончли воқеалар кўп бўляпти. Жумладан, “Паркентсой” бўйида аҳоли учун арзон нархлардаги кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиши бошланиб, ҳозирда 13 та 5 қаватли 520 та хонадондан иборат турар-жойнинг қурилиши тугалланди.

Янги, замонавий ва кўркам хонадонларни ўз эгаларига топширишга бағишланган маросимда туман ҳокими Сардор Исоқулов, тегишли ташкилот раҳбарлари, маҳалла фаоллари иштирок этди. Дастлаб туман ҳокими сўзга чиқиб, оилаларни янги хонадон билан табриклади. “Паркентсой” массивини экошаҳар қиёфасига кириши ҳақидаги маълумотларни айтиб ўтди.

Таъкидлаш лозим, Президентимиз жорий йил 18 июнь куни Паркент туманига ташрифида ҳам мазкур манзилда аҳолига яратилаётган ишлар билан танишган эди. Аҳоли нисбатан зич яшайдиган ҳудудлар учун бундай массивлар муҳим ижтимоий аҳамиятга эгалиги ҳақида фикрбилдирилганди. Уйларнинг шинамлиги, таннархи оилалар учун айни муддао бўлмоқда.

Умумий майдони 6 гектар бўлган бу гўшада жами 5 минг 200 хонадонли 125 та кўп қаватли турар-жой қад ростлайди. Бу ерда 2 та мактаб, 8 та боғча, болалар майдончалари, 10 гектарли парк, сунъий кўл, сайлгоҳ ва велойўлаклар барпо қилинади.

Хонадон эгалари чеҳраларидаги қувончдан инсон қадри улуғланаётган бу юртда бахтли оилаларнинг сони ортиб бораётганини кўриш мумкин. Тантанали тадбирда туман Маданият бўлими санъаткорларининг куй-қўшиқлари йиғилганларнинг байрам кайфиятини янада оширди. 

А.Мусаев, ЎзА.