Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Паркентда умумий майдони 2,8 гектар бўлган «Заркент» санаторийси иш бошлади
13:28 / 2022-06-07

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг тасарруфида ҳозирда 23 та санаторий ва битта дам олиш уйи бор. Улар юртдошларимизга ҳамда чет эллик меҳмонларга хизмат қилмоқда.

Куни кеча бундай масканлар сони яна биттага кўпайди. Аниқроғи, Паркент туманида муҳташам «Заркент» санаторийси фойдаланишга топширилди.

Пойтахтдан қарийб 60 километр узоқликда жойлашган янги санаторий Заркент қишлоғининг «Қўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Заркент бобо» ҳамда «Қуш қўнмас» номлари билан машҳур бўлган зиёратгоҳлар қошида барпо этилди.

Жойлашув ҳудуди, иқлими, табиати шифобахш хусусиятларга эгалигига кўра, «Заркент» санаторийси нафас йўллари ва асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослашган. Умумий майдони 2,8 гектар бўлган бу муассаса саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва унда даволаш-ташхислаш хоналари ташкил этилган. Дам олувчилар бу ерда физиотерапия, жисмоний тарбия, массаж, сув билан даволаш муолажалари, фитотерапия, лазерли терапия, психотерапия каби даво усулларидан фойдаланишлари мумкин.

Санаторийнинг тантанали очилиши маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, нуронийлар ва маҳалла фаоллари, устоз-мураббийлар ҳамда таниқли ижодкорлар иштирок этди.

Маросимда Қудратилла Рафиқов «Заркент» санаторийси директори Акром Эргашевга рамзий калит – «Ласетти» ҳамда «Дамас» автомашиналари калитларини топширди.

150 ўринга эга тўрт қаватли мажмуада барча қулайликлар бир жойнинг ўзида, яхлит ҳолда ташкил этилган. Яъни, ётоқхона, даволаш бўлими, ошхона, клуб, кутубхона, маъмурий бўлим, лаборатория ва бошқа хизматлар битта бинода жойлашган. Барча хоналар энг замонавий мебель ва анжомлар билан жиҳозланган. Санаторийнинг ишга туширилиши юзга яқин янги иш ўрни яратилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Қурилиш ишларини олиб бориш, канализация тармоқларини тортиш, иситиш тизимларини ўрнатиш, сув минораси қуриш, тиббий жиҳозлар ва қаттиқ инвентарларни харид қилиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

[gallery-7471]

Маросимда қурилиш жараёнида фидойилик кўрсатган бир гуруҳ қурувчилар меҳнати эътироф этилиб, уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан зарбоф тўнлар кийдирилди.

Ғуломжон МИРАҲМEДОВ