Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Паркентда сайёҳларга шароит яратилмоқда (+видео)
15:08 / 2024-04-13

Шу кунларда Паркент туманига сайёҳлар қатнови анча ортди. Айниқса, ҳудуддаги Қизил тоғ қўрғонининг кенг қир-адирлари оилавий дам олувчилар билан гавжум. 

Хусусан, “Сўқоқ” ёки “Қизил тоғ” каби манзилларга ҳордиқ чиқариш мақсадида борувчи фуқаролар учун тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда ҳаракатни тўғри ташкил этиш мақсадида жорий йил 10-14 апрель кунларида транспорт воситаларининг ҳаракатланиш йўналиши ҳудудда вақтинча ўзгарди. Асосийси, қатновда ҳеч қандай чекловлар йўқ. Мақсад шу жойларга борувчи ва қайтувчиларга қулайлик яратиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашдир. Йўл бўйларидаги ЙҲТ ходимлари томонидан қатновлар назоратга олинган. Ўз навбатида хавфсизликни таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси, Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси, вилоят ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Катта йўл бўйларида автотранспорт воситалари учун махсус автотураргоҳ, биоҳожатхона, кўчма чиқинди қутилари, овқатланиш нуқталари ва савдо дўконлари ташкил этилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, охирги уч кун давомида 100 минг нафарга яқин сайёҳ шу ерга келган ва бу рақамлар ортиб бормоқда. Асосий вазифа ҳудуд табиатига зиён етказмаслик ва уни соф ҳолатда сақлашдир. Вилоят масъуллари томонидан сайёҳлар ўртасида тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда.  

[gallery-16906]

– Авваллари ҳам бу манзилга дам олиш учун кўп бор келганмиз, лекин бу йил меҳмонларга янада кўпроқ қулайлик яратилган, – дейди Нурафшон шаҳридан келган Жумабой Ризоқулов. – Муҳими, бу гал шунчаки дам олгани келганимиз йўқ. Махсус жойларда мевали дарахт кўчатлари экиш ишлари йўлга қўйилган экан. Мен ҳам невараларим билан бирга шу жараёнда қатнашдим. Бу орқали яшил майдонларнинг кенгайишига ўз ҳиссамизни қўшдик.  

Ҳудудда охирги икки йилдан бери сайёҳлар гавжум бўлаётган манзиллардан бири Аччиқкўлдир. Бу жой Тошкент шаҳридан 20 километр ғарбда жойлашган. Кўл ва унинг атрофлари қамишзор. Кўлни баланд қир-адирлар ўраб туради. Мазкур кўлда олтингугурт ҳидли шифобахш қора балчиқ мавжуд бўлиб, бу жой даво истаб келувчилар билан доим гавжум. Сайёҳлар яшил табиатдан баҳра олиб, суратларга тушмоқда. Болалар эса варрак учирмоқда. Умуман олганда, барча манзилларда ҳордиқ чиқараётганларнинг кайфияти чоғ.

– Биз Фарғона вилоятидан келдик, – дейди Азимжон Ботиров. – Шу жойни ижтимоий тармоқларда кўриб, анчадан буён оилавий дам олишни мақсад қилгандим. Табиати гўзал, ҳавоси ҳам ёқимли. Мамлакатимизда шу каби манзиллар кўплиги қандай яхши. Ҳатто хорижликлар ҳам келишмоқда.  

Ҳозир Паркент туманининг туристик салоҳияти 2021 йилга нисбатан 3,5 баробарга ошди. Жорий йилда ҳудудга 893 минг нафардан зиёд маҳаллий, 117 минг нафардан зиёд хорижий туристни жалб қилиш мақсад қилинган. Бунинг учун зарур ташкилий чоралар кўрилган.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1z_m5tYceL0" title="Parkentda sayyohlarga sharoit yaratilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Мусаев, Д. Эрназаров (сурат), ЎзА мухбирлари