Энг улуғ, энг азиз байрам – мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан «Ватанпарвар» ташкилоти Тошкент вилояти кенгаши тасарруфидаги Паркент тумани Ўқув спорт техника клубининг янги биноси ишга туширилди, дея хабар қилади Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Матбуот хизмати.
Бинонинг тантанали очилиш маросимида «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаш раиси Ҳусан Ботиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси Ойбарчин Абдуллаева, Мудофаа вазирлиги бўлим бошлиғи Жаҳонгир Қаландаров, Мудофаа вазирлиги Фахрийлар кенгаши раиси Абубакир Наврўзов, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов ҳамда бир қатор вилоят ва туман мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда Ҳ.Ботиров сўзга чиқиб, Паркент тумани Ўқув спорт техника клуби янги биносининг очилиши «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан Ўзбекистони Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги байрамига ўзига хос совға бўлганлигини билдирди. Шунингдек бу маскан туман аҳолиси, айниқса, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш ҳамда касбга тайёрлаш учун муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Зеро, замонавий инновацион жиҳозлар билан таъминланган ушбу бинода бунинг учун барча шарт-шароитлар муҳайё.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши раиси Шоҳруҳ Иномхонов сўзга чиқиб, ушбу воқелик ёш авлоднинг баркамол, ақли расо ва соғлом бўлиб етишишлари учун мустаҳкам пойдевор бўлишини ишонч билан таъкидладилар.
Ўқув спорт техника клуби бошлиғи Зиёдилла Мирҳаитов ўз нутқида ушбу клуб фаолияти тўғрисида маълумот берар экан, паркентликларни исталган вақтда ушбу муассасага аъзо бўлиб, яратилган имкониятлардан кенг фойдаланишлари мумкинлигини билдирди.
Шундан сўнг «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров ва Паркент тумани Ўқув спорт техника клуби бошлиғи Зиёдилла Мирҳаитов янги бинони анъанавий усулга кўра очиб бердилар.
Тадбир давомида ташриф буюрувчилар ва ўқувчи ёшларни Паркент тумани Ўқув спорт техника клубининг янги биносида яратилган шарт-шароитлар билан таништириш мақсадида экскурсия уюштирилди. Бу эса, айниқса, ёшларда унутилмас таассурот қолдирди.
Паркент Ўқув спорт техника клуби фаолиятининг бошланиши олис йилларга бориб тақалади. Муассаса 1983 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, бир неча йиллардан буён туман аҳолисини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш ҳамда уларни автомототранспорт ҳайдовчиларини тайёрлашда муҳим ўрин тутиб келмоқда.
Қувонарлиси, яқин кунлар ичида Паркент тумани Ўқув спорт техника клубида «Транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш» ва «Мураккаб техникаларни бошқариш» курсларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, туман ёшлари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган оммавий техник касбларга тайёрланиши ва уларнинг бандлиги таъминланиши учун хизмат қилиши муқаррар.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА