Тошкент вилояти Паркент туманида узум сайли ва халқаро виночилик фестивали ўтказилмоқда.
Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш, қадимий узумчилик, виночилик тажрибаси, боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб турлари ва навларини кенг оммалаштиришга қаратилган фестиваль доирасида халқаро илмий-амалий конференция, бизнес-семинарлар, хорижий ва маҳаллий етакчи мутахассисларнинг маҳорат дарслари ташкил этилган.
Жумладан, Ўзбекистон Қаҳрамони Тожибой Ризаев ҳақидаги “Туганмас хазина” ҳужжатли фильми премьераси, фольклор жамоалар ва эстрада санъаткорларининг чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи маданий дастурлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирмоқда.
[gallery-13597]
Хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, Италиянинг виночилик уюшмаси раҳбари Леонардо Коммучи, Сербия республикасининг узумчилик йўналиши бўйича илғор тадбиркорларидан бири Саша Джоник, Россия Федерациясининг Калмик давлат университети ректори маслаҳатчиси Баатр Очиров маърузачи сифатида қатнашяпти. Корея, Сингапур, Белорусь, Грузия, Озарбайжон каби 30 дан ортиқ давлатларнинг виночилик соҳасида йирик ва етакчи ҳисобланган компаниялар вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Жараёнда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган фермер хўжаликлари, мамлакатимиз вино заводлари, табиий ичимликлар, шарбатлар ва шарбат концентратлари ишлаб чиқариш корхоналари ўз экспозицияларини намойиш этмоқда.
— Икки кунлик илмий-амалий конференцияларда соҳа мутахассислари ўзлари учун кўплаб билимларга эга бўлади, — дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов. — Хусусан, “Узум етиштириш ва сақлашнинг инновацион технологиялари”, “In vitro шароитида узумнинг пайвандтаг ва пайвандтагларини кўпайтириш агротехнологияси”, “Ҳосилли токзорлар интенсив технологияси”, “Узумнинг шароббоп навларини танлаш ва етиштиришда тавсиялар”, “Узумнинг кишмишбоп навларини ўстириш усулларини ҳосил ва ҳосил сифатига таъсирини ўрганиш” каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, ҳудуднинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича халқаро тажриба, узумчиликда стандартлаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш, ток тупларини яшил қисмлари билан боғлиқ ишлар борасида ҳам бир қатор маърузалар тингланади.
Фестивалнинг бизнес зонасида тақдимотлар, музокаралар ўтказилади. Шартномалар ва битимлар имзолаш учун шароитлар яратилган.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/mPbfnowlgXg" title="Паркент узумлари дунё нигоҳида" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
А.Мусаев,
ЎзА.