Ҳар йили инсонлар қишнинг аёзли кунларини ортда қолдирар экан, баҳорга етказганига шукур қилиб, кўнгилга яхши ниятлар билан баҳорни қарши олади. Баҳор одамларда ҳорғинлик, ланжлик кайфиятини уйғотади. Бунга кексалар илик узилди, деб таъриф берган. Айни шундай дамларда кўк сомса, кўк чучвара, сумалак каби баҳорий таомлар киши танасига қувват бағишлаши ҳам табобатда исботланган.
Айниқса, бу борада Паркент кўк сомсасининг ўрни бўлак. Айни дамларда Тошкент вилоятининг тоғли манзилларига йўлингиз тушса кўк сомсаларга чорловларни кўрасиз. Катта йўл четидаги араваларга ўрнатилган тандирлар эса барчанинг эътиборини тортади. Бироқ асл кўк сомсанинг манзили Паркент туманидир. Охирги йиллар ҳудуднинг ўзига хос брендига айланган сомсага қизиқувчилар кўпайди. Сайёҳлар ҳудуд табиатидан баҳра олиш билан бирга, йўл-йўлакай тандирдан узилган, қип-қизил бўлиб пишган сомсалардан ейишга ошиқади.
Биз ҳам халқ орасида довруғи етти иқлимга таралган кўк сомсаларнинг бу қадар оммалашганини билиш мақсадида Паркент туманидаги Cўқоқ қишлоғининг гўзал табиатга бой бўлган Чашма маҳалласида бўлдик. Тошкент вилояти туризм бошқармаси томонидан ҳозир бу манзилга “Туризм қишлоғи” мақоми берилган.
Унинг 2,5 минг йиллик тарихи бор бўлиб, денгиз сатҳидан 1 минг 300 метр баландликда жойлашган. Атрофида юз йиллик дарахтлари бор ўрмон, “Саксар” тепалиги мавжуд. Ҳудудда ташкил этилган кўплаб оилавий меҳмон уйлари, чойхона ва овқатланиш нуқталари йил давомида сайёҳларга хизмат кўрсатиб келади.
[gallery-16853]
– Қишлоғимизда 3 минг нафардан зиёд аҳоли бўлиб, 451 та хонадон бор, – дейди Чашма маҳалласи ёшлар етакчиси Озода Қобилова. – Одамларимиз меҳнаткаш. Боғдорчилик, томорқачилик, асаларичилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Охирги йилларда эса сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳам анча оммалашди. Шу туфайли ўзини ўзи банд қилган оилалар кўпайди. Уларнинг даромади ҳам ошди. Кўк сомса, патир нон ҳар бир хонадонда тайёрланади.
Ҳозир бор шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, оилавий тадбиркорлик қилаётганлар жуда кўп. Муҳими, улар боқимандалик қилмайди, доим ҳаракатда. Овқатланиш нуқталаридан бирида қўли-қўлига тегмай тандирда сомса ёпаётган Наргиза Алимова эътиборимиз тортди.
– Рўза кунлари ифторлик учун келувчилар сони ҳар галгидан кўп. Бу ердаги шарқироқ сой бўйларида меҳмонлар гавжум, – дейди Н.Алимова. – Уларнинг талабига қараб кунига 200-300 дона кўк сомса тайёрлаймиз. Бироқ ҳали мадор сомса тайёрлашнинг мавсуми бошлангани йўқ. У ўсимлик тоғдаги қорнинг тагида унади. Мавсум бошлангунига қадар исмалоқ, ялпиз каби витаминга бой кўкатлардан фойдаланиб харидорларга тортиқ қилмоқдамиз. Бунинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Паркент кўк сомсасининг довруғини эшитиб ундан татиб кўришга ошиққан хорижлик сайёҳлар оқими ҳам анча кўпайди. Меҳмонлар сомсанинг тайёрланиш жараёнлари билан қизиқиб, тандирдан узилгунча ҳайрат билан кузатиб туришларини кўриб қувонамиз.
Муҳими, таом тайёрлаш учун ишлатиладиган маҳсулотлар шу маҳаллада бор, кўкатлар эса аҳоли томорқаларидаги иссиқхоналарда етиштирилади. Масалан, оилавий тадбиркор Абдураҳмон Қобилов 3 сотихли томорқасида 2 йилдан бери турли сабзавот ва кўкатлар парваришлайди. Етиштирилган маҳсулотлар эса маҳалладаги чойхоналарга буюртма асосида тарқатилади. Бундан топаётган даромади ҳам анча яхши.
Умуман олганда йил бўйи табиат неъматларидан унумли фойдаланиб, ҳудуд ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган Паркентнинг олис маҳалласида аҳолининг ризқ йўллари шу зайлда туташган. Агар шу томонларга борсангиз ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xoM2r808T4w" title="Parkent koʻk somsasini yeganmisiz?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А. Мусаев, Д. Эрназаров, (сурат, видео), ЎзА.