Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парк Таэ Кёнг: сифатли таълим бериш асосий мақсадимиздир (+видео)
10:17 / 2024-06-17

Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон-Корея халқаро университетида бугунги кунда малакали мутахассисларни тайёрлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Айни кунларда бу ерда икки мингга яқин талаба таҳсил олаётган бўлиб, уларга 152 нафар профессор-ўқитувчи дарс бермоқда. Эътиборли жиҳати, кореялик 40 нафар педагог ҳам бу ерда меҳнат қилмоқда.

Кейинги йилларда Фарғона вилояти ва Корея Республикаси ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари ҳар жиҳатдан ривожланиб бормоқда. Хусусан, мазкур университетнинг ташкил этилганлиги таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ифодасидир.  

Олийгоҳда ўқитиш тизими дунёнинг илғор таълим стандартлари асосида йўлга қўйилган. Бу эса меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Айни пайтда мазкур нодавлат олий таълим муассасасида 12 та факультет фаолият кўрсатмоқда. Билим даргоҳида йўлга қўйилган 3+1 қўшма таълим дастури бўйича ҳозир Кореядаги ҳамкор университетда 200 нафар талаба таҳсил олмоқда.  

Ўтган йили янги амалиёт биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Замонавий мезонлар асосида қуриб битказилган бино автомобиль диагностикаси учун қўлланиладиган компьютер қурилмалари ва бошқа шу каби зарур жиҳозлар билан таъминланган. Шу тариқа бу ерда талабаларга назарий билимларини бевосита амалиёт билан уйғун ҳолатда мустаҳкамлаб бориш имконияти яратилди.  

Мазкур университетнинг бошқаруви раиси ўринбосари Парк Таэ Кёнг бу ерда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.  

[gallery-17847]

– Ҳозир Ўзбекистон ва Корея Республикаси муҳим ҳамкор давлат сифатида таълим, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш соҳаларида манфаатли муносабатларни йўлга қўймоқда, – дейди у. – Бунинг натижасида Корея Республикаси Президенти Ўзбекистонга ҳар доим ташриф буюриб давлат раҳбари билан бирга музокаралар олиб боряпти, иқтисодиёт ривожи ва ўзаро икки томонлама ҳамкорлик йўлида янги босқичга қадам қўйиляпти. Шунингдек, университетимиз икки томонлама муносабатларнинг анъанаси сифатида талаба- ёшларга сифатли таълим бериб, Корея Республикасига жўнатиш ва юқори маошли ишларга жойлашишида кўмаклашиш орқали ёрқин келажагини қуришда йўл кўрсатиб келмоқда. Университетимизда 1800 нафарга яқин талаба ёш таҳсил олмоқда. Турли йўналишларни ўз ичига олган техник-муҳандислик фанлари орқали талабаларимизга сифатли таълим берилмоқда. Икки йил давомида университетимиз томонидан жўнатилган 200 нафарга яқин талаба ҳозир Корея Республикасида бакалавр ва магистратура босқичида таълим олиб ёки E-7 мутахассислик визасини қўлга киритиб, Кореяда юқори маошли ишларда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Университетимизда яқинда талабаларга амалий билимларни ўргатиш учун янги муҳандислик биноси қурилди. Ушбу бинода ҳозирлаб қўйилган амалиёт жиҳозларининг барчаси Кореядан олиб келинган бўлиб, талабаларга амалиётларни сифатли ўтказишида кўмак бериб келмоқда. Бунинг натижасида бир неча ҳокимликлар, Чунгчонгнам-до провинцияси ва Пьеонгтаек шаҳри билан университетимиз ўртасида янада кўплаб талабаларни Корея Республикасига жўнатиш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, Корея университетлари билан ҳам ҳамкорлик музокаралари узлуксиз равишда олиб борилмоқда. Яқин кунларда талабаларимиз Корея Республикасида турли хил соҳаларда ўқиш ва ишлаш каби қўшимча имкониятларга эга бўлишига ишонаман.  

<iframe width="971" height="546" src="https://www.youtube.com/embed/25RrdhCu5fo" title="Park Tae Kyong: sifatli taʼlim berish asosiy maqsadimizdir" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат,видео),

ЎзА мухбирлари