Парижнинг оқава қувурларида коронавирус изи топилди
Одатда бундай сувдан кўчаларни тозалашда ва бошқа муниципал эҳтиёжларни қондиришда фойдаланилади.
Парижда Франция пойтахтини оқава суви билан таъминлаш ташкилотининг махсус “Eau de Paris” лабораторияси масъул хизматчилари шаҳардаги мавжуд 27 та техник сув оқадиган қувурлар тизимидан тўрттасида коронавирус билан боғлиқ сезилар-сезилмас асоратларни топишди.
Одатда бундай сувдан кўчаларни тозалашда ва бошқа муниципал эҳтиёжларни қондиришда фойдаланилади. Бу ҳақда ташкилотдаги манбаларга таянган ҳолда “France-Presse” агентлиги хабар тарқатган.
Шундан кейин шаҳар ҳукумати эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан бутун тармоқ фаолиятини тўхтатиб қўйди. Шу билан бирга мэриядан вируснинг оқава сувдан ичимлик суви тизимига ўтишининг ҳеч қандай эҳтимоли йўқлигига ҳам ишонч билдиришмоқда. Демак, шаҳарда ичимлик сувидан бемалол, қўрқмасдан фойдаланиш мумкин.
“Ичимлик сувидан ташқари барча қувурлар тармоғи бўйлаб Сена дарёси ва Урк каналидан келадиган хом, алоҳида тозалаш тизими орқали ўтмайдиган сув оқади“, — дея вазиятни изоҳлашган шаҳар маъмуриятидагилар. Қолаверса, агентликдан аниқлик киритишларича, бу икки бир-биридан мустақил, ичимлик ва техник сув тармоғи Парижда XIX аср охирларидан буён мавжуд.
“Арзимас бўлса-да, барибир коронавирус аломати чиқди, шу боис эҳтиёткорлик йўлини танлаб, минтақавий Соғлиқни сақлаш агентлигига мурожаат қилдик. Энди тегишли мутахассислар хавф-хатар мавжудми ёки йўқлигини таҳлил қилишади“, — дейди шаҳар мэрининг экология сиёсати бўйича ўринбосари Селиа Блоэль.