Маълумки, 2024 йил ёзги олимпия ўйинлари Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилади. Ўйинларга тайёргарлик кўриш бўйича “Париж-2024” ташкилий қўмитаси фаолият олиб бормоқда. Париждаги Эйфель минорасини олимп ўйинларигача қайта таъмирлаш, “Олимпия қишлоғи”ни бунёд этиш ишлари давом этмоқда.
Яқинда “Париж-2024” ташкилий қўмитаси Франциядаги бир қатор ижтимоий соҳа ташкилотлари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида 2024 йилги олимпия ўйинларининг Парижда ташкил этилиши борасида сўровнома ўтказди. Сўровнома натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг 82 фоизи XXXIII ёзги олимпия ўйинлари айнан Парижда ўтказилишини қўллаб-қувватлашини билдирган.
“Париж-2024” ташкилий қўмитаси раҳбари Тони Эстанге журналистлар билан мулоқотда кенг омма ўртасида бундай мониторингнинг ўтказилиши мамлакат аҳолисининг олимпия ўйинларига муносабатини билиш ва қилинаётган ишлар йўналишини белгилашда асқотишини таъкидлаб, кунчиқар юртдаги ўйинлар тажрибаси парижликларга сабоқ бўлганлигини билдирган.
Дарҳақиқат, XXXII ёзги олимпия ўйинлари жараёнида Токио аҳолиси эпидемиологик вазият пайтида ўтказилаётган шиддатли олимп баҳсларига қарши намойишлар ташкил этган ва бу масала жаҳон оммавий ахборот воситаларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шу маънода, Франция ҳукумати “қўлловчи ва қўлламас”ларни олдиндан аниқлаш “тахометри”ни ишга туширган кўринади.
Токио олимпиадаси ҳамда “Париж-2024” ташкилий қўмитаси тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистондаги спорт тузулмалари ҳам мамлакатимизда ўтказилиши белгиланган ва белгиланаётган катта спорт анжуманлари ёки амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар юзасидан аҳоли фикрини эшитишни йўлга қўйса, ўзига хос сўровлар ташкил этса фойдадан ҳоли бўлмайди, назаримизда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА