ЎзА ижодий жамоаси Президент қарори асосида Франция пойтахти Парижда ўтаётган халқаро кўргазмадан видеорепортаж тайёрлади
Жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириш, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 августдаги “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида 4-8 сентябрь кунлари Париж шаҳрида Ўзбекистон Маданият ва санъатини ривожлантириш жамғармасининг янги халқаро кўргазма лойиҳаси – “Абу Райҳон Беруний. Географик ва интеллектуал саёҳатлар” шиори остидаги тадбирлар ўтказилмоқда.
Намойиш безакларининг визуал қисми, мультимедиа қурилмалари ҳамда тақдим этилган қўлёзма нусхалари Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти ва ижоди, унинг ўрта асрлар илм-фани ривожини кўп жиҳатдан белгилаб берган ва ҳозирги кунга қадар долзарблилигини йўқотмаган саёҳатлари, кашфиёт ва изланишлари тафсилоти ҳақида атрофлича тасаввур ҳосил қилишга ундайди, десак адашмаймиз.
Мутафаккир таваллудининг 1050 йиллигига бағишлан йирик кўргазманинг очилиш маросимида, дастлаб, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова, ЮНЕСКО Бош директорининг маданият масалалари бўйича ўринбосари Эрнесто Оттоне Рамирес, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абуҳалимов ҳамда кўргазма муҳофизи Наоми Вердон нутқ сўзлади.
Маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчилар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти мутахассислари томонидан тайёрланган, Франция миллий кутубхонаси фондига мансуб қўлёзмаларнинг нодир нусхалари тақдим этилган мультимедиа экспозицияси билан танишар экан, ушбу китоблар узоқ йиллар давомида ЮНЕСКОда йиғилган маълумотлар мажмуасини янада бойитиши ва Абу Райхон Беруний улкан илмий-маънавий меросини глобал миқёсда тарғиб қилишга ҳисса қўшишини таъкидлади.
– “Абу Райҳон Беруний. Географик ва интеллектуал саёҳатлар” кўргазма лойиҳаси долзарб маданият кун тартибида алоҳида ўрин эгаллайди, – деди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова. – Бу Европа жамоатчилигига атоқли олим ҳақида муфассалроқ маълумот олиш, унинг бутун башарият ақлий салоҳият муҳитига қўшган ҳиссасини англаш имконини беради.
Қайд этиш керак, Беруний мероси дунё тадқиқотчилари томонидан чуқур мулоҳаза билан ўрганилаётган мавзу. Маданият пойтахти дея эътироф этилажак Парижда ўтказилаётган кўргазма лойиҳаси ташриф буюрувчиларда қизиқиш уйғотиб, юртимизнинг тарихий-маданий алоқалари, замонавий илмий таълимотлар шаклланиши ва ривожланишидаги ўрнига янгича руҳ бағишлаши шубҳасиз.
ЮНЕСКО бош қароргоҳида кўргазма учун ажратилган 400 квадрат метрдан зиёд майдонда Абу Райҳон Беруний қўлёзмалари Франция миллий кутубхонаси фондидан Фанлар академияси Шарқшунослик институти мутахассислари томонидан тайёрланган нусхалар – “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Астрономик рисолалар”, “Қонуни Масъудий” ва “Ҳиндистон”га алоҳида эътибор берилган.
Халқаро миқёсда эътироф этилаётган йирик кўргазма бугун, 8 сентябрь куни якунига етади.
Кейинги репортажимизда кўргазма дастуридан ўрин олган Алибек Кабдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий симфоник оркестри концерти ҳақида маълумот тақдим этилади. ЎзАни кузатиб боринг.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/mz8Zb-0Hjsc?si=DNXggDSmgk9fmvo6" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
ЎзА
Париж, Франция.