Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи арафасида Париж шаҳрида ўзбек-француз бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Ўзаро инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг асосий омили сифатида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тадбирда мамлакатимиз Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Франция Республикаси савдо бўйича делегат вазири Оливер Бешт, Ўзбекистон-Франция ишбилармонлар кенгаши раиси, "Орано" компанияси бошқаруви раиси Клод Имовен, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакат етакчи компания, холдинг ва ҳаракатларининг 150 дан зиёд вакили иштирок этди.
Форумда Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш, минтақавий ва халқаро савдо-иқтисодий муносабатни йўлга қўйиш ва кенгайтириш, мамлакатни глобал савдо тизимига интеграциялаш, саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланди.
Ж.Хўжаев иштирокчилар эътиборини республикамизга сармоя киритиш тўғрисида қарор қабул қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган қатор муҳим жиҳатларга қаратди. Хусусан, солиқ ва ҚҚС ставкаси кескин камайтирилгани, инвестор ҳуқуқи қонунчилик даражасида ҳимоя қилинаётгани, 200 дан кўп лицензия ва рухсатнома олиш бекор қилингани, натижада 2021 йил мамлакат иқтисодиёти 7 фоиз ўсгани, экспорт ҳажми 1,5 баробар ошгани, инфляция даражаси 18 фоиздан 11 фоизга тушгани қайд этилди.
Маълумки, иқтисодиётга хорижий инвестиция ўн карра ўсиши, 72 миллион аҳолиси бор Марказий Осиё ва 300 миллион кишилик МДҲ мамлакатлари бозорига кириш имкониятини сезиларли даражада оширади. GSP+ Европа Иттифоқи бенефициар мақоми Ўзбекистонга 6000 дан ортиқ турдаги товарни ЕИ бозорига имтиёзли шартда экспорт қилиш имконини беради. Ҳукумат экспорт қилувчилар транспорт харажатининг 70 фоизини қоплашга тайёр. Шунингдек, мамлакатда малакали, иқтидорли ва билимли ёшлар бисёр, қазиб олиш учун имтиёзли шарт-шароитга эга кўплаб табиий ресурслар мавжуд, саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва туризм соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Ҳукуматимиз истиқболли қўшма лойиҳаларнинг 50 фоизини молиялаштириши, давлат корхоналарини чуқур хусусийлаштиришга тайёрлиги иштирокчилар эътиборини тортди. Шу билан бирга энг муҳим транспорт йўллари кесишмасида Ўзбекистоннинг ноёб географик жойлашуви, Ғарб ва Шарқ, Шимол ва Жануб ўртасида қулай транспорт йўлаклари яратадиган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўллари қурилиши истиқболи форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Қўшма лойиҳалар амалга ошириш, жумладан, “яшил” энергетика, фармацевтика саноати, автомобилсозлик, бутловчи қисмлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби устувор тармоқларда француз тадбиркорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.
Бизнес-форум давомида Ўзбекистон ва Франция вазирлик, идоралари, етакчи компаниялари, холдинг ва ҳаракатлари раҳбарлари ўртасида “G2B” ва "B2B" учрашуви ташкил этилиб, иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо битимлари тузишнинг молиявий-техник жиҳатини батафсил кўриб чиқдилар.
ЎзА