Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парижда ўғирлик юз берди (+видео)
19:49 / 2025-10-20

Ўғрилар машҳур Париж музейи – Луврдан бор-йўғи бир неча дақиқа ичида тўққизта қимматбаҳо ашёни ўғирлаб кетишди. Жиҳозлардан бири бироз кейинроқ шикастланган ҳолда музей яқинидан топилди. Бу ҳақда Evronews хабар тарқатди.

Мамлакат Президенти Эммануэль Макрон ушбу воқеани “Франция мероси ва тарихига қилинган тажовуз” деб атади. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳодисага муносабат билдирар экан, барча ўғирланган буюмлар музейга қайтарилиши, айбдорлар албатта жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.

Париж прокуратураси маълум қилишича, ҳозир жиноятчилар қидириляпти. Кеча эрталаб – маҳаллий вақт билан 9 яримларда “Апполон” галереясига кирган ниқобли ўғрилар ўзи кўтариладиган қурилма орқали юқори қаватга чиққан. Деразани синдириб, залга кириб олгач, ўша ердаги темир қутиларни бузган. Улар ҳаммаси бўлиб тўққизта зеб-зийнат буюмини ўғирлашга муваффақ бўлган. 

Ҳукумат берган маълумотга кўра, ушбу ашёлар тарихий ва маданий жиҳатдан бебаҳо аҳамиятга эга.

Скутерларда қочган жиноятчилар йўлда буюмлардан бирини тушириб қўйган. Бу ашё шикастланган ҳолда музей яқинидан топилди. Наполеон III – императорнинг рафиқаси, малика Евгенияга тегишли ушбу тож ҳужумга учраган Франциянинг машҳур музейи тарихидаги энг эсда қоларли нишонлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Ҳамла қилиш жараёни бор-йўғи 7 дақиқа давом этган.

Фаранг етакчиси жиноятчилар ва ўғирланган ашёларни топиш учун барча чоралар кўрилаётганини билдирди. Янги ички ишлар вазири Лоран Нуньес, ўғирлик “тажрибали”жиноятчилар томонидан амалга оширилгани, улар хорижлик бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган. У барча ўғрилар тезда топилишига ваъда берди.

Париж прокурори Лор Бекко эса бу иш ташкилотчилар ва ижрочиларга бўлинган жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилганини тахмин қилмоқда.

Маълумотга кўра, терговга Исроилнинг махсус компанияси жалб этилган. Моссаднинг собиқ раҳбари Яков Пери бошқарадиган айни жамоа 2019 йил Дрезден музейида юз берган йирик ўғирликни фош этган. Ўшанда 100 миллион еврога тенг зеб-зийнат ўмарилган эди.

Собиқ Президент Франсуа Олланд ҳам маҳаллий телеканалда чиқиш қилиб, мазкур жиддий жиноятни мамлакат меросига қилинган ҳужум сифатида баҳолади. У сўнгги ҳафталарда мамлакат музейларида шундай ҳолатлар кўпайганини таъкидлаб, ҳодисани “чет эл таъсири” орқали мамлакатни беқарорлаштиришга уриниш, деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари Франция музейлари хавфсизлик тизимида муаммолар етарли эканига ҳам урғу бериляпти.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GGHPjG5bzaE" title="Parijda o‘g‘irlik yuz berdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА