Франциянинг Париж шаҳрида фуқаролик атом энергиясидан фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган иккинчи саммит бошланди. Мазкур халқаро йиғинда 40 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
Саммитни Франция президенти Эммануэль Макрон кириш сўзи билан очиб, атом энергетикаси глобал иқлим ўзгаришига қарши курашда ва барқарор энергетик хавфсизликни таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Япониядаги Фукусима ва Украинадаги Чернобиль ҳалокатларидан сўнг ядро энергияси инқирозга юз тутди, бироқ энергия суверенитети ва глобал исишга қарши курашиш учун тоза энергия манбаларини излашга халқаро эътиборнинг кучайиши қизиқишни яна уйғотди.
Жаҳон ядро ассоциацияси маълумотларига кўра, дунёда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг тахминан 9 фоизи атом энергиясига тўғри келади ва 30 га яқин мамлакатда 440 га яқин реакторлар мавжуд.
БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги (МАГАТЕ) 2050 йилга бориб атом энергияси ишлаб чиқариш икки баравар кўпайиши мумкинлигини маълум қилди. Таъкидланишича, Хитой аллақачон ишлаётган 57 та реакторга қўшимча 29 та реактор қурмоқда.
Халқаро энергетика агентлиги (IEA) раҳбари Фотиҳ Биролнинг айтишича, Европа давлатлари кўпроқ қайта тикланадиган манбалар, жумладан, қуёш ва шамол энергиясини ишлаб чиқариш ва “ядровий энергия учун қайтиш қилиш” орқали энергия суверенитетини мустаҳкамлашдан манфаатдор.
Конференция доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий-техник тажриба алмашиш ҳамда экологик тоза энергия манбаларини кенгайтиришга қаратилган бир қатор келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Экспертлар фикрича, атом энергетикасидан самарали ва хавфсиз фойдаланиш глобал энергетика тизимининг барқарорлигига сезиларли ҳисса қўшиши мумкин.
Ў.Алимов, ЎзА