Термиз шаҳрида Президентимизнинг 2021 йил 5 ноябрдаги “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII Ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида” ги ҳамда “Юриш, югуриш, мини-футбол,бадминтон, стритбол ва “vorkout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорлари, шунингдек, Туризм ва спорт вазирлигининг 2021 йил декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги тизимидаги давлат спорт-таълим муассасалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда тренерларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Вилоятдаги давлат спорт-таълим муассасалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, мураббийлар ва соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш, маҳоратли спортчиларимизнинг нуфузли жаҳон мусобақаларида иштирокини кенгайтириб, Ватанимиз шон-шуҳратини дунёга кенг тараннум этишга алоҳида эътибор қараатилаётгани таъкидланди. Шу мақсадда спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш ва рақамлаштириш, олимпия ва паралимпия дастурларига киритилган спорт турлари бўйича юқори натижадор ва олимпия спортчилар захирасини яратиш, лицензиялар сонини сезиларли даражада кўпайтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилангани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 ноябрдаги “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII Ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида” ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Семинарда Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Самарқанд филиали бўлим бошлиғи Х.Донабоев, кадрлар бўлими бошлиғи Ю. Пардаев, ўқитувчилар Ф.Қулбулов ва Ф.Қосимовлар бўлажак Олимпия ва Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлашнинг устувор вазифалари, спортни молиялаштиришга қаратилаётган эътибор, спорт бошқарувини такомиллаштириш, 2024 йилдаги Олимпия ўйинларида илк бор гендер тенглик таъминланиб, эркаклар ҳамда аёллар учун қатнашиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар сони тенг равишда белгилаб берилгани ва бошқа муҳим масалалар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Мамлакатимизда аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда – юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workоut» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгилангани ва бу борада амалга оширилаётган ишлар, галдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди. Давлат спорт таълим муассасалари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда тренерларини аттестациядан ўтказишнинг тартиблари ҳусусида фикр алмашилди.
Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири