Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини кенгайтиришга оид ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотини тинглаш асносида Франция пойтахти Париж шаҳрида бошланаётган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик ҳолати билан ҳам танишиб чиқди.
Ахборотда келтирилганидек, жорий йилнинг 6 июль-11 август кунлари бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида 206 та мамлакатдан 10 мингдан ортиқ спортчи қаторида мамлакатимизнинг 90 нафар спортчиси 19 та спорт турининг 75 та йўлланмаси доирасидаги «Париж-2024» медаллари учун кураш олиб боради.
Ўзбекистон спортчилари бу йил анъанавий спорт турларидан ташқари илк бор футбол, сувга сакраш, камондан отиш, аёллар курашида ғолиблик учун курашиш имконига эга бўлгани, олимпиячиларимизнинг 36 фоизи хотин-қизлардан иборатлиги эътироф этилди.
Хўш, бу галги Олимпия ўйинларида натижаларимиз қай кўринишда бўлади? Прогнозлар, экспертларнинг фикр-мулоҳазаларидаги «об-ҳаволар» нималарни англатади? Айнан қайси спортчиларимиздан, қайси спорт турларидан ёрқин ғалабаларни кутиш мумкин?
Бугун кенг спорт жамоатчилиги, минг-минглаб спорт ихлосмандлари, мураббий ва мутахассислар билан суҳбатлашсангиз, мавзу ўз-ўзидан «Париж-2024» теграсидаги гап-сўзларга қаратилмоқда. Суҳбатлар, билдирилаётган фикр-мулоҳазаларда ҳамюртларимиз футболчиларимиз, дзюдочиларимиз, боксчиларимиздан юксак ғалабаларни кутаётганини бот-бот такрорланмоқда.
Бугун халқимиз Темур Кападзе бошчилигидаги футболчиларимиздан, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Нигина Ўктамова каби боксчиларимиздан, Давлат Бобонов, Музаффарбек Тўрабоев, Достон Рўзиев, Шарафиддин Болтабоев, Диёра Келдиёровадан иборат дзюдочиларимиздан, Улуғбек Рашитов, Светлана Осиповадек таэквондочиларимиздан, қиличбоз қизимиз Зайнаб Дайибекова, оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев ва бошқа олимпиячиларимиздан Париж спорт майдонларида ўзига хос натижаларни кутмоқда.
Айтиш лозим, терма жамоаларимиз, алоҳида спортчиларимиз ушбу нуфузли мусобақага юқори даражада ҳозирлик кўрди. Ҳар бир спортчи бўйича тегишли мутахассислар, экспертлар томонидан индивидуал стратегия ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Олимпия ўйинлари йўлидаги саралаш мусобақаларида, рейтинг берадиган турнирларда керакли натижаларга эришиш борасида ғайрат кўрсатилди. Ўтказилган маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулотларда, мамлакатимиздаги 15 та олимпия ва паралимпия марказида ҳамда вилоятлардаги спорт базаларида тайёргарлик учун давлатимиз томонидан зарур шароитлар яратилди.
Бундан ташқари, спортчиларни тизимли тарзда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, антидопинг қоидалари билан доимий таништириб бориш, тиббий-биологик таъминот ва фармакология йўналишларида зарур чоралар кўрилди.
Эътиборга муносиб бўлиш, Ватан шаънини халқаро спорт майдонларида улуғлаш не чоғли машаққатли меҳнат ва изланиш талаб қилишини мураббий-устозлар яхши англайди.
Жаҳон спорт оламида ўз номи ва Ватан довруғини юксалтириб келаётган номдор спортчиларимизнинг шундай мақомга кўтарилиши давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спорт ривожига эътибор маҳсули эканлигини таъкидлаган ҳолда айтиш лозим, «Париж-2024» Олимпиадаси мамлакатимиз спорт мутасаддиларининг, мураббийларнинг, мутахассисларнинг профессионал фаолиятини ҳам имтиҳондан ўтказади.
Бу йўлда ёрқин ғалабалар барчамизга ёр бўлишини халқимиз, кенг спорт жамоатчилиги қалб-қўри билан истаётгани ҳам шундан. Зеро, бирлашган, ягона мақсад атрофида жипслашганларгина янги Ўзбекистоннинг янги ғалабалари таъминланишига ҳамиша қодир бўлиб қолаверади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА