Юртимизда сўнгги пайтларда балиқчиликни ривожлантириш, парҳезбоп ва фойдали неъматни етиштириш ҳамда қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Наманган вилоятининг Норин туманида ҳам бу борада салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
“Fishville Norin“ масъулияти чекланган жамияти томонидан давлат– хусусий шериклик асосида “Норин-2” насос станцияси ҳамда бешта тик қудуқда “супер интенсив” усулда форель балиқлари етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион долларга тенг бўлиб, бунда корхонанинг ўз маблағи 3 миллион доллар, банк кредитлари 5 миллион доллар, хорижий инвестиция сармояси эса 2 миллион долларни ташкил этади.


Балиқчилик лойиҳаси тўлиқ ишга туширилиши натижасида йилига 720 тонна маҳсулот етиштирилиши кўзда тутилмоқда. Корхона ўз фаолиятини бошлаши билан 100 та янги иш ўрни яратилади. Корхонанинг йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларга тенг. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2023 йил декабрь ойида ишга туширилиб, синовдан муваффақиятли ўтказилди. Навбатдаги режадаги ишлар эса жорий йилнинг охирига қадар амалга оширилиши мўлжалланган.

Норин тумани инвестициялар, саноат ва савдо бўлимидан маълум қилишича, яна янги лойиҳа ташаббускорлари билан ҳамкорликда “Fishville Norin“ МЧЖ намунасида икки дарё оралиғига туташ туманда 34 та шундай тик қудуқда давлат– хусусий шериклик асосида форель балиқларини етиштириш режалаштирилган.
Бундай саъй-ҳаракатлар инсон саломатлиги учун зарур бўлган парҳезбоп маҳсулотларни кўпайтириш, тадбиркорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш, шунингдек, жойларда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири