Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пардахол НОРҚОБИЛОВА:  "Баъзида жабрланувчи ҳам, тазйиқ ўтказувчи ҳам аёл киши эканлиги дилни хира қилади" 
18:03 / 2023-11-25

25 ноябрь — Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни

Хотин-қизларнинг гендер тенглигини таъминлаш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йилнинг 17 декабрдаги резолюциясига кўра «16 кун зўравонликсиз кун” акцияси  билан кўплаб давлатларда нишонлаб келинади.

Шу орқали барча ҳукуматлар, халқаро ва нодавлат ташкилотлар мазкур кунда жамоатчиликни ушбу долзарб муаммо ҳақида хабардор этиб, тадбирлар ташкиллаштиради. Мамлакатимизда хотин-қизлар қадр-қимматини асраш ва ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги амалий ишлар,  тарғибот масалалари кўлами қай даражада кенгаймоқда? Яратилаётган имкониятлардан хотин-қизлар тўғри фойдаланяптими? Шу каби масалаларда Республика маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Пардахол Норқобилова билан суҳбатлашдик.

– Хотин-қизлар оила ва жамиятда тазйиқ ва зўравонликларга учрамаслиги учун қандай маънавий тарғиботлар муҳим?

– Хотин-қизлар оилада ва жамиятда тазйиқ ва зўравонликка учрамасликлари учун аввало ўз ҳуқуқларини билишлари зарур. Демак, ҳуқуқий маданиятни шакллантиришимиз керак. Бу борада оммавий ахборот воситаларининг ва ижтимоий тармоқларнинг ўрни беқиёс. Ҳуқуқий тарғибот материалларини ижтимоий тармоқларда бериб бориш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган видероликларни намойиш этиб бориш ҳам ижобий натижа беради. Ўз ҳуқуқини билмаслик натижасида хотин-қизларимиз, вояга етмаган болалар жабр кўраётгани ҳеч биримизга сир эмас. Инсон жисмонан ожиз бўлиши мумкин, аммо маънан салоҳиятли  бўлса, ҳар қандай зўравонликка нисбатан куч топа олади. Яна оғриқли нарса шуки, мана шу зўравонликлар ёнгинамизда содир бўлади, бу эса бизнинг бефарқ ва лоқайдлигимиздандир.

Албатта тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида тарғибот тадбирлари жуда ҳам муҳим. Касални даволашдан кўра, касалликнинг олдини олган маъқул. Хотин-қизларимизни тазйиқ ва зўравонликдан асраш учун улар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириб бориш муҳим. Шунингдек, манзилли рўйхат асосида тазйиқ ва зўравонлик қилишга мойил шахслар билан ҳам индивидуал суҳбатлар ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларнинг фақат ўзлари билан эмас, уларнинг оила аъзолари билан ишлаш ҳам яхши натижа беради. Бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда ҳамкор вазирлик ва идоралар томонидан манзилли чора-тадбирлар дастури асосида, тазйиқ ва зўравонлик қилишга мойил шахслар билан кўпроқ  профилактик суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 25 ноябридан 10 декабригача  Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда “Зўравонликка қарши 16 кунлик” манзилли чора-тадбирлар дастури асосида жойларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур туркум тадбирларда хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга ҳамда  тазйиқ ва зўравонликка мойил шахслар билан  индивидуал суҳбатлар, психологик тренинглар ўтказилиши назарда тутилган. Чора-тадбирлар доирасида рақамли тарғибот тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

– Зўравонликка учраган аёллар асосан қандай муаммолар сабаб бундай ҳолга тушади?

– Давлатимиз томонидан хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, уларга яратилаётган шарт-шароитлар, хотин-қизлар масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ҳам бежизга эмас. Зўравонликка учрашнинг асосий омиллари шахснинг жисмонан ва маънан  ожизлигида, қолаверса яқинларининг унга нисбатан бефарқ бўлишида. Шу борада зўравонликнинг асосий шаклларига эътиборингизни қаратмоқчиман: Жинсий зўравонлик хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз  шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этишдир. Жисмоний зўравонлик эса жисмоний ҳаракатлар орқали ёки шундай таҳдидлар билан хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлигига хавф солиш,  иқтисодий зўравонлик,  бу — хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишига бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик)дир.

Шунингдек, руҳий зўравонлик хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситишдир. Тазйиқ эса бирор турдаги жавобгарликка сабаб бўлмайдиган, бироқ хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик. Мана шу ҳолатлардан бири юз берса, зўравонлик ва тазйиқ содир бўлган, деб қайд этишимиз мумкин. Жамиятдаги ва оиладаги муаммолар атрофида ёлғиз қолиш, хотин-қизларимизнинг зўравонликка учрашига сабаб бўлади. Аксарият ҳолларда аёлларимизнинг билимсизлиги, уларда ҳуқуқий маданиятни шаклланмаганлиги, қолаверса,  моддий ва маънавий қарамлигида. Оилаларда учрайдиган тазйиқ ва зўравонликнинг асосий мезони носоғлом оила муҳити ҳисобланади. Демак, биз оилалар билан кўпроқ ишлашимиз  керак.

– Аёллар учун Ҳимоя ордери каби имкониятлар тақдим этилгани аёлларни қанчалик ҳимояламоқда?

– Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга соладиган бир қанча норматив ҳужжатлар мавжуд. 2019 йил сентябрида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида«ги қонуннинг 4-моддасида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари белгилаб берилган бўлиб, унга кўра тазйиқ ва зўравонликдан  жабрланувчи, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш ҳуқуқига эга.

Шу ўринда ҳимоя ордери тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳимоя ордери-тазйиқ ва зўравонликдан  жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат ҳисобланади. Ҳимоя ордери бир ой муддатга берилади. Шу муддат ичида низони ҳал этиш имкони бўлмаса ёки ўша ҳолат давом этадиган бўлса, аёлнинг мурожаатига асосан яна бир ой муддатга узайтирилади. Ҳимоя ордери хотин-қизларимизни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланиши учун муҳим.   Бу керак, аммо  баъзи аёлларимиз ҳимоя ордерини қурол қилиб олишиб, ундан ғаразли ниятларда фойдаланганлик ҳолатларини ҳам гувоҳи бўлиб қоляпмиз.  Баъзи ҳолатларда  жабрланувчи ҳам, тазйиқ ва зўравонлик ўтказувчи ҳуқуқбузарлар ҳам аёл киши эканлиги дилимизни  хира қилади. Оиладаги келишмовчиликлар, қайнона-келин, қайнисингиллар ўртасидаги келишмовчиликлар, носоғлом оила муҳитини келтириб чиқаради. Оиладаги маънавий соғлом муҳитни шаклланишида бевосита аёлларимизнинг  ўрни беқиёс. Оила жамиятнинг асосий буғини экан, демакки, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда  оилаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Шарқ аёли маърифати” лойиҳаси доирасида, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, миллий урф-одатларимизни кенг кўламда тарғиб этиш, оилаларда соғлом  маънавий муҳитни шакллантириш учун  тарғибот ва ташвиқот ишлари  олиб борилмоқда.

Абдулазиз РУСТАМОВ,  ЎзА