Навоий темир йўл вокзалида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жорий йилнинг 7-14 декабрь кунлари бўлиб ўтган V Ёшлар Пара Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси таркибида иштирок этган навоийлик параспортчилар тантанали равишда кутиб олинди.
Тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилоят бошқармаси, Спорт бошқармаси ва Адаптив спорт ассоциацияси ҳудудий бўлими вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари ва ёшлар иштирок этди.

Бу йилги мусобақада қитъамизнинг 35 та мамлакатидан жами 1500 нафарга яқин атлетлар 11 та спорт туридан ғолиблик учун беллашди.
Якунда ўзбекистонлик параспортчилар 99 та олтин, 57 та кумуш, 41 та бронза, жами 197 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Жумладан, ушбу мусобақада навоийлик спортчилар пара енгил атлетика, пара таеквондо, пара сузиш, пара армрестлинг ва пара пауерлифтинг спорт турлари бўйича иштирок этиб, жами 33 та медал – 25 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза медалига сазовор бўлди.
Энг аҳамиятлиси, нуроталик Асадбек Ҳожиев пара сузиш бўйича 7 та олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг умумий ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири