Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парашют билан сакраш ва парвоз завқи
18:02 / 2025-05-24

Марду майдонлар

Тошкент ҳарбий округи “Марказ” десантчилар тайёрлаш базасига бордик. Ҳарбий хизматчилар ер тайёргарлиги машқларини олиб бораётган экан. Ўндан ортиқ ўқув жойида гуруҳлар йўриқчилар назоратида берилган вазифаларни бажармоқда. Бир томонда парашютни тахлаш ишлари бўйича билимлар мустаҳкамланяпти, бошқа бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари эса ерга қуниш, сакраш каби машқларини навбатма-навбат адо этяпти.

– Кўкда қалқон, ерда посбон дейишади десантчиларни, – дейди подполковник Хайрулла Акромов. – Ҳақиқатдан ҳам шундай. Чунки, бу бўлинмада хизмат олиб бораётган ўғлонлар нафақат ердаги берилган вазифаларни тезкор бажаради, балки само узра парвоз этиб, топшириқларни аъло даражада уддалайди. Аслида мақсадимиз ҳам Ватан ҳимоячиларининг айни кўникмаларини янада мустаҳкамлашдан иборат. Бугунги машғулотлар ўқув йили режасига кўра олиб борилмоқда. Унга Мудофаа вазирлиги десант бўлинмалари жалб этилган.

Дарвоқе, бу ердаги жараёнларда иштирок этаётган десантчилар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида хизмат қилади. Бугун улар бир жойда жам бўлиб, вазифаларни бажаряпти. Бироқ жой нотаниш. Бу эса, азаматлардан янада синчковлик билан ҳаракат қилишни талаб этади.

– Киши доимий бир жойда ҳаракат олиб борса, натижада у ўша ҳудудни тўлиқ ўрганиб олади, – дейди подполковник Зоҳид Авазов. – Қайсидир маънода бу яхши. Лекин у нотаниш ҳудудда аввалги натижаларни кўрсата олмаслиги мумкин. Чунки ўша ҳудудни ўрганиш керак, маълумотларни тўплаш лозим. Бу эса, кўп вақт йўқотиш дегани. Мана шу жиҳатларни инобатга олиб, ҳарбий хизматчилар мутлақо нотаниш жойларда ҳам ўзларини йўқотиб қўймаган ҳолда топшириқларни бажаришга ўргатяпмиз.

– Ерда олинган билим, кўкда ўз натижасини беради, – дейди лейтенант Беҳруз Йўлдошев. – Шу сабаб ҳам биз ердаги тайёргарлик машқларини босқичма-босқич олиб борамиз. Бунда ҳар бир жиҳат эътиборга олинади. Чунки айнан шу жойдан самодаги вазифаларнинг муваффақияти бошланади. Десантчи эса, буни яхши билади ва шунга монанд ҳаракат қилади. Очиғи, ҳаяжон бор. Сабаби бугун илк бор парашют билан амалий сакрайман. Устозлардан эшитганман, ҳам завқли ва бироз хавотирли кечар экан. Лекин шу кунга қадар қўл урган ишимни уддасидан чиқиб келдим. Бу гал ҳам кўзланган маррани, яъни сакрашни бекаму кўст уддалайман.

Парашют билан амалий сакраш жараёнларигача йигитлар муҳим ва қатор тайёргарликлардан ўтади. Бунда ҳеч бир жиҳат эсдан чиқмади. Мутахассислар майда деталларгача диққат қаратди. Чунки десантчиларнинг муваффақиятли сакрашлари ерда олиб борилган ўқувларга ҳам боғлиқ, албатта. Ўзи, умумман, ҳаво кенгликларида парвоз этишда такрорланмас ҳиссиёт инсонни қамраб олади. Қўрувнинг исканжасидан фақатгина ахлоқий-руҳий сифатлари мустаҳкам, ўзига ишонган ва машқларда ҳар томонлама тобланган кишигина тезда чиқиб кета олади, берилган вазифани бажаришга қодир бўлади.

Кун очиқ. Қуёш тоғлар ортидан секин бош кўтаряпти. Тонгги эсиб турган майин шабада майсаларни эркалаб, уйғотмоқда. Бунда қалбга ҳам ҳузур ва илиқлик кириб келади. Ватан ишқида ёнган ва ҳамиша ана шу йўлда собит туриб, олий мақсадлари сари дадил одимлаётган юрт ўғлонлари машқ ва машғулотларда касбий тайёргарликларини оширади. Янги билимлар ва усулларни ўрганади. Муҳими, қўлланилаётган услублар бир-бирини сира ҳам такрорламайди. Ана шунинг учун ҳам десантчилар илғор ва тезкор. Улар ҳамиша ва ҳамма вақт берилган топшириқларни кутилганидан-да аъло даражада адо этиш имконига эга бўлинма саналади.

Десантчиларга узоқдан назар ташлайман: ҳаммаларининг кўзида қатъият, ишончни кўраман. Улар шунчаки, парашют билан сакрамайди, балки шу орқали ўзларинг  жасоратини, азму шижоатини амалда кўрсатади.

Яна бир гап: бугун десантчилар орасида 200, 1 000, 3 000, 5 000 ва  ҳатто ундан ҳам зиёд амалий сакраган тажрибали ҳарбийлар билан бир қаторда ҳаво кенгликларини энди забт этишни мақсад қилган Ватан ҳимоячилари ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг курсантлари ҳам бор.

«Парашют кийиш чизиғи», «Гуруҳ командири текширув чизиғи», «Взвод командири текширув чизиғи»... Бу кетма-кетлик ҳарбий хизматчиларни ҳаво сарҳадлари томон тобора яқинлаштириб бормоқда. Хуллас, жараёнлар бошланди. Десантчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда, “Д-6”, “Беркут-2”, “Мальва аксиома” каби парашютлардан навбатма-навбат белгиланган ҳудудга муайян қўшимча юклар билан сакраш жанговар вазифасини бажаради. Учишга тайёр десантчилар Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Ми-8 ҳарбий вертолёти бортидан жой олди.

Албатта, ҳаво десант бўлинмалари миллий армиямизнинг суянчи, таянчи ва мамлакатимизнинг энг ишончли қалқонидир. Чапдаст, мард ва жасур ўғлонлар ҳар вақт ўзлаштирган янги билимларини, кўникмаларини мана шундай ўқувларда мустаҳкамлайди.

Ҳаво транспорти дастлаб 600 метрга кўтарилди. Сўнгра, биринчи гуруҳ вертолётдан бирма-бир сакрашни бошлади. Кейин 1 200 метр баландлик забт этилди. Навбат 3 000 метрга етгач, кейинги гуруҳнинг парашютлари очилгани кўринди. Улар жуда майда ва шу билан бирга ерга қараб тез учарди. Булутлар орасидан шаҳд билан кезиб бораётган вертолётдан сакрашни бошлаган ҳарбийлар кўп ўтмай бир чизиққа, турналардек саф тортиб олди. Оралиқ масофани сақлаб, белгиланган ҳудудга қараб учиб келаётган азаматларнинг ҳам шижоати, ҳам касбий тайёргарлиги ва энг муҳими, ўзига бўлган ишончи синовдан ўтяпти.

Юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, унга ҳамиша ва ҳамма вақт қалқон бўлиш ҳақиқий мард ва жасур, садоқатли, содиқ ўғлонларнинг бурчи, аслида. Ана шу масъулият, фидойилик қалбида жўш урган азаматлар бугун навбатдаги сакрашларни ҳам муваффақиятли якунлади.

Шоҳрух САИДОВ, капитан,

“Ватанпарвар” мухбири.

ЎзА