Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Паралимпия ўйинларига йўлланмалар сони ортмоқда 
16:42 / 2024-06-05

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши учун кенг шароит яратилмоқда. Бунинг натижасида паралимпиячиларимиз спорт оламининг нуфузли мусобақаларида – Паралимпия ва Параосиё ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатларида улкан ғалабаларни қўлга киритмоқда.

Бу йил ҳам паралимпиячиларимиз янгидан-янги марраларни эгаллаш учун Франциянинг Париж шаҳрида 28 август – 8 сентябрь кунлари ташкил этиладиган XVII ёзги Паралимпия ўйинларига муносиб тайёрланмоқда. Шунингдек, айни дамда пара спортчиларимиз мазкур мусобақага йўлланмалар сонини янада кўпайтириш борасида турли мусобақаларда иштирок этмоқда. 

Бугунги кунга келиб Ўзбекистон паралимпиячилари пара ўқ отиш, пара енгил атлетика, пара сузиш, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара велоспорт ва пара таэквондо бўйича 39 та лицензияга эга чиқди. Бироқ, паралимпиячиларимизнинг йўлланмалари сони янада ортиши учун ҳали имкониятлар етарли. Аниқроғи ҳозирда пара дзюдо, пара сув спорт турлари, пауэрлифтинг каби яна бир қатор йўналишлар бўйича «Париж-2024» Паралимпия ўйинлари йўлланмалари ўйналмоқда ва юқоридаги рақамлар ўзгаришда давом этиши мумкин. 

Ушбу 39 йўлланма қандай спорт тури бўйича жамғарилгани ҳақида сизларни таништириб ўтишни лозим топдик. Жумладан, бу лицензияларнинг ярмидан кўпи пара енгил атлетикачиларимизга тегишлидир. Улар бугунга қадар 20 та лицензияни делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди. Шунингдек, пара каноэда 6 та, пара таэквондода 5 та, пара ўқ отиш бўйича 4 та, пара сузишда 2 та, пара велоспортда ва пара академик эшкак эшишда эса 1 тадан лицензия қўлга киритилди. 

Ҳозирда «Париж-2024» Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган пара спортчиларимиз ушбу йирик мусобақага қизғин ҳозирлик кўраётир. Давлатимиз раҳбарининг «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарори бунга муҳим дастуруламал бўлмоқда. 

Қарорда белгиланганидек, Ўзбекистон паралимпия қўмитаси томонидан пара спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда қатнашиши учун зарур шароит яратиш, уларнинг натижаларини таҳлил этиш ва мониторингини юритиш, мураббийларнинг билим ва малакасини ошириш, спорт федерацияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириши учун зарур чоралар кўрилмоқда. 

Умид қиламизки, спортчиларимиз янада кўпроқ йўлланмаларни қўлга киритади ва Париж шаҳрида бўладиган мусобақаларда муваффақиятли қатнашади. 

Эслатиб ўтамиз, «Токио-2020» Паралимпия ўйинларида 44 нафар паралимпиячимиз 8 спорт туридан 55 та йўлланмага эга чиққан эди. 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА