Токиода давом этаётган паралимпия ўйинларининг учинчи куни ортда қолди.
26 август ҳолати бўйича умумий медаллар мундарижасида Хитой, Австралия ва Россия паралимпия қўмитаси жамоалари етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон спортчилари Ислам Асановнинг бронзаси эвазига 162 та давлат орасида Ўзбекистон 32-ўринни эгаллаб турибди.
Эртага 8 нафар иродали спортчимиз баҳсларга киришишини инобатга олсак, натижаларимиз яққолроқ кўриниш олса, ажаб эмас.
Ўзбекистон миллий паралимия қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, эрта тонгда Тошкент вақти билан соат 05:30 дан бошланадиган пара енгил атлетиканинг узунликка сакраш турининг T11 классида Асила Мирзаёрова паралимпия баҳсларига киришса, соат 06:30 да пара енгил атлетиканинг диск улоқтириш турининг F55 классида Нурхон Қурбонова медаллар учун курашда иштирок этади.
Шунингдек, парадзюдо мусобақаларининг -60 кг вазн тоифасида Шерзод Намозов ва -66 кг. оғирликда Учқун Қуронбоев татамидаги муросасиз беллашувларга киришади.
Пара сузувчимиз Шоҳсанамхон Тошпўлатова аёллар ўртасида S13 классида 400 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича саралашда иштирок этса, пара академик эшкак эшувчиларимиз Отабек Қўчқоров ҳамда Феруза Бўрибоева PR2 mix 2X классида 2000 метр масофага бўладиган баҳсда қатнашади. T37 классида аёллар ўртасида 200 метр масофага югуриш бўйича саралашда Сабина Суханова ҳам паралимпиада ўйинларининг медаллари учун пойгага киришади.
Тўлқин Рўзиев,ЎзА