Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Паралимпиада-2024: 12 нафар спортчимиз бугунги баҳсларда иштирок этади
15:44 / 2024-09-02

Бугун, 2 сентябрь куни Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларининг бешинчи кунида 14 та спорт турида мусобақалар ўтказилса, мамлакатимизнинг матонатли ва иродали пара спортчиларининг 12 нафари пара енгил атлетика ва пара сузиш мусобақаларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Ортда қолган тўртинчи кунги мусобақалар сарҳисобига кўра, ўзбекистонлик паралимпиячилар 5 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медали билан 9-ўринда бормоқда.

Кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида ғалаба қозониб, терма жамоамиз ҳисобидаги олтин медаллар сонини бештага етказган енгил атлетикачилар Элбек Султонов, Ёрқинбек Одилов ва таэквондочимиз Асадбек Тоштемиров билан телефон орқали суҳбатлашди.

Президентимиз ўз номидан ва барча юртдошларимиз номидан спортчиларни самимий қутлаб, бу зафарлар энг азиз, энг улуғ байрам – Мустақиллик кунига муносиб совға бўлганини таъкидлади. Паралимпиячиларимиз муросасиз беллашувларда кўрсатаётган юксак маҳорат ва метин ирода бутун халқимиз, айниқса ёшларни руҳлантираётгани қайд этилди.  

Президент йигитларнинг мураббийлари ва ота-онасига миннатдорлик билдириб, совриндор бўлган спортчиларимизга ҳам салом ва табрик сўзларини йўллади.

Чемпионлар ҳар бир чиқишда давлатимиз раҳбари ва халқимиз қўлловини ҳис этганларини таъкидлаб, юртимизда паралимпия ҳаракати ривожига қаратилаётган эътибор ва яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрга қадар давом этадиган паралимпия ўйинларида 182 та давлатнинг 4 минг 400 нафар пара спортчилари ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Т. Рўзиев, ЎзА