Саудия Арабистонида пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ўтказилган қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.
Гап шундаки, ушбу мусобақада пара велоспортчиларимиз 11 та олтин, 4 та кумуш ва 10 та бронза — жами 25 та медаль қўлга киритиб, якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Бу натижа пара велоспортчиларимизнинг қитъа миқёсидаги устунлигини яна бир бор намоён этди.

Мусобақада Азизахон Қосимова, Покиза Аҳмадбекова, Маржона Пардабоева ҳамда Одина Ҳамдамова иккитадан олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Шаҳноза Ҳакимова 1 тадан олтин ва бронза медалига эга чиқди. Шунингдек, Бобур Тоштемиров 1 та олтин ва кумуш, Азизхўжа Олимхўжаев ҳамда Маржона Валижонова 1 тадан кумуш ва бронза, Фотима Соипова 2 та бронза медалини терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди.

Шунингдек, Бунёд Ҳайитмуҳаммедов олтин, Боймурод Явқочев кумуш, Орзубек Ўразметов, Жаҳонгир Халилов, Тўлқин Равшанов, Саиджаббор Дадахонов ва Жасурбек Илҳомов бронза медаллари билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА