Япониянинг Чиба шаҳрида пара триатлон бўйича ўтказилган "Asia Triathlon Para Championship and Para Cup Chiba City" мусобақасида мамлакатимиз вакиллари совриндорлар қаторидан жой олди.
Бугун, 12 октябрь куни жаҳон кубоги йўлланмаси учун очко тақдим этувчи нуфузли мусобақада мамлакатимиз вакилларидан Бахтиёр Муртазоев PTS3 йўналишининг яккалик баҳсларида 1:08.33 дақиқада марра чизиғини босиб ўтиб бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу йўналишда 01:04:26 ва 01:04:48 вақт оралиғида марра чизиғини кесиб ўтган япониялик спортчиларга олтин ва кумуш медаллар насиб этди.

Осиё қитъасининг 10 дан ортиқ давлатидан матонатли спортчилар қатнашган чемпионатда аёллар баҳсларининг PTS5 йўналишида терма жамоамиз аъзоларидан Шоҳсанам Собиржонова 1:28.29 дақиқада маррага етиб келиб, 3-ўриндан жой олган бўлса, 1 ва 2-ўринлар Хитой(01:15:16) ҳамда Япония терма жамоаси аъзосига(01:16:46) тегишли бўлди.
Эртага, 13 октябрь куни "Asia Triathlon Para Championship and Para Cup Chiba City" мусобақасида ёш тоифалари бўйича мусобақалар ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА