English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пара таэквондочиларимиз нуфузли турнирга тайёрланмоқда
15:27 / 2025-01-30

Шу кунларда Ўзбекистон пара таэквондо бўйича терма жамоамиз аъзолари Тошкент вилоятидаги “Ғазалкент” соғломлаштириш базасида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Ушбу йиғиндан кўзланган мақсад жорий йилнинг 5-7 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказиладиган анъанавий “Turkish open” халкаро турнирида муносиб иштирок этиш ва медалларни қўлга киритишдан иборат. Пара таэквондочиларимиз учун жорий йилги мавсум айнан J2 таснифига кирувчи мазкур халқаро мусобақа билан бошланади.  

“Ғазалкент” соғломлаштириш базасида 3 февралга қадар давом этадиган мазкур йиғинда асосий ва ёшлар терма жамоаларимиздан жами 25 нафар пара таэквондочи иштирок этмоқда.  

Мураббийлар штаби миллий терма жамоа аъзоларининг ҳар бирига индивидуал ёндашиш, уларнинг жисмоний ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш, спортчиларнинг кунлик кўрсаткич мониторингини юритиш ҳамда спорт маҳоратларини янада оширишга катта эътибор қаратмоқда.  

Таркибда бир неча вазн тоифаларида икки нафардан пара атлетимиз қитъа ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиши кўзда тутилган. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, жорий йил аёллар терма жамоамиз аъзолари илк бор тўлиқ таркиб билан халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини химоя қилади.  

“Turkish open” турнирида “Париж-2024” Паралимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори Зиёда Исоқова 47 кг, Каромат Рустамова 52 кг, Карима Мелиқўзиева 57 кг, Розия Эргашева 65 кг вазн тоифасида баҳсларга киришади. 

Эркаклар терма жамоамиз аъзоларидан Ҳурматилла Шоназаров, Муҳаммадсодиқ Усмонов, Қудрат Ҳайдаров, Зуҳриддин Тоҳиров, Қудратилла Суннатов, Қудрат Муҳаммадиев, Жавоҳир Алиқулов ҳамда Паралимпия ўйинлари ғолиби Асад Тоштемировлар ўз вазн тоифаларида олтин медаль ва рейтинг очколари учун даянга кўтарилади.  

Маълумот ўрнида: Пара таэквондо бўйича терма жамоамиз аъзолари бош мураббий Бобир Қўзиев ва 6 нафар мураббий қўл остида шуғулланмоқда.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/HojhrlJetyw?si=gMdMZXApHGjLNNo7" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА