Бўстонлиқ туманидаги «Баркамол» спорт соғломлаштириш марказида тасдиқланган режа асосида ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинида пара таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари «Париж-2024» ёзги Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари О.Эргашев бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур йиғинга ташриф буюрди.
Ишчи гуруҳ дастлаб, марказда спортчилар учун яратилган имкониятлар, уларнинг яшаш шароити ва овқатланиш рациони билан яқиндан танишди. Шунингдек, спортчиларга зарур бўлган дори-дармон ва фармакологик воситаларини ўз вақтида ажратиш ва қатъий тартиб интизомга риоя қилиш бўйича муҳим кўрсатмаларни берди. Терма жамоа аъзолари ва уларнинг мураббийлари билан учрашувда уларни қийнаётган муаммолар муҳокама қилинди. Жараёнларда аниқланган камчилик ва муаммоларни тез фурсатда сифатли бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.
Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, мазкур ўқув-машғулот йиғинида 4 нафар тренер ва 16 нафар пара таэквондочи иштирок этмоқда. Улар белгиланган режа асосида кунига икки маҳал шуғулланмоқдалар. Машғулотлар асосан жисмоний ҳолатни бир маромда ушлаб турувчи ва техник-такник машқларни ўзлаштириш борасида ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳар бир спортчининг саломатлиги тиббиёт мутахассислари назоратида бўлаётир.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА