Ўзбекистон стол тенниси федерацияси спорт залида пара стол тенниси бўйича терма жамоа аъзоларининг ўқув-машғулот йиғини бошланди.
Шу йилнинг 5 август кунига қадар давом этадиган ушбу йиғинда Расул Aтамуратов, Aбдураҳмон Зоҳиджонов, Умиджон Aҳмедов, Aртём Саприкин ва Aбдураҳмон Раҳматуллаев каби спортчилар мураббий Нодира Бурхонхўжаева қўл остида Коня шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом бирдамлик ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда.
Шу муносабат билан ЎзА мухбири пара стол тенниси бўйича терма жамоамиз мураббийи Нодира Бурхонхўжаева билан суҳбатлашди.
– Йиғин ҳақида тўхталиб ўтсангиз, машғулотлар қай тарзда ўтмоқда?
– Энг аввало терма жамоамиз аъзолари билан машғулотлар кунига 2 маҳалдан олиб борилмоқда ва асосан спортчиларнинг техник-тактик ҳамда жисмоний тайёргарлигини оширишга қаратилган юкламалар берилмоқда. Шунингдек, машғулотлар давомида, БКМ машқлари ҳамда теннисчиларнинг руҳий ҳолатини яхшиловчи машғулотлар ҳам ўтказилмоқда.
– Терма жамоамизнинг режалари қандай?
– Олдимизда муҳим мусобақалар – август ойида Коня шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом бирдамлик ўйинлари ва сентябрь ойида Финляндияда бўлиб ўтадиган халқаро мусобоқада турипти. Ушбу мусобақаларда муносиб иштирок этиш асосий мақсад. Шунингдек, пара стол тенниси бўйича Ўзбекистон чемпионатини ўтказамиз. Ундан кўзланган мақсад эса пара стол теннисини янада оммалаштириш ва республика бўйича яна янги спортчиларни саралаб, терма жамоа сафига қўшишдир.
– Айни кунларда пара стол теннисчилар ўртасида юқори салоҳиятли ва иқтидорли спортчиларимиздан кимларни кўрсата оласиз?
– Ҳозир пара стол тенниси мамлакатимизда аста секинлик билан оммалашмоқда. Бироқ шундай бўлсада, иқтидорли спортчиларимиз ҳам бор. Айниқса, Расул Атамуратов ва Иззат Ҳамроев каби шогирдларимдан умидим катта. Улар июнь ойида Чехияда ўтган халқаро мусобоқада муносиб иштирок этди. Умид қиламанки, оз фурсатларда уларга ўхшаган шогирдларимиз сони янада кўпаяди ва пара стол тенниси бўйича ҳам чемпионлар камол топади.
– Мамлакатимизда пара стол тенниси ривожланиши қай суратда давом этмоқда?
– Бугунги кунда ҳар бир спорт турига қаратилаётган эътибор олий даражада. Шу жумладан пара стол теннисига ҳам улкан эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналиш мамлакатимизда янги бўлишига қарамасдан пара стол теннисига қизиқувчилар сони тобора ошмоқда. Миллий Паралимпия қўмитаси томонидан кетма-кет ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишга барча имкониятлар яратилмоқда. Юқорида таъкидлаганимдек, ушбу имкониятлар самарасида икки нафар шогирдим илк бора Чехияда ўтган халқаро мусобақада иштирок этди. Унда Олимпия ўйинлари чемпионлари иштирок этгани спортчиларимиз учун улкан тажриба тўплаш имконини яратди. Биз имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда юксак тажриба ва маҳоратга эришиб, келгусида улкан зафарларни қўлга киритишга харакат қиламиз.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА