Россия шахмат федерацияси раҳбарияти шахмат бўйича брайль алифбосидаги ўқув қўлланмаларини Ўзбекистон шахмат федерациясига тақдим этди.
Туризм ва спорт вазирлигида гибрид шахмат бўйича Осиё чемпиони Шамсиддин Воҳидов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан тақдирланди.
Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда сўз олган Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътиборга алоҳида тўхталиб, эндиликда спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар пара спортни ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратиши давр талаби эканлигини таъкидлади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши айтиб ўтилди.
–Яқинда Москвага қилган сафаримиз чоғида Россия шахмат федерацияси раҳбарияти билан ҳам учрашиб, икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдик. Учрашувда Россия шахмат федерацияси раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда пара шахматни ривожлантиришга оид ўқув қўлланмаси ва китоблар тақдим этилди. Бу китоблар брайль алифбосида чоп этилган бўлиб, кўзи ожизлар орасида шахматни оммалаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилади, – деди А.Абдуҳакимов.
Тадбир доирасида Владимир Барскийнинг “Шахмат мактаби” китоблари жамланмаси Ўзбекистон шахмат федерацияси жамоасига тақдим этилди.
Эндиги вазифа эса – Ўзбекистонда пара шахматни оммалаштириш, ногиронлиги бўлган юртдошларимизни фаол ҳаёт тарзига жалб этиш.