Пара Осиё ўйинларининг илк кунида вакилларимиз 2 та олтин ва 1 та бронзага эга чиқди
Бугун, 3 декабрь куни мамлакатимизнинг ёш параспортчилари Баҳрайн мезбонлик қилаётган ёшлар ўртасидаги Пара Осиё ўйинларида ўз иштирокларини бошлашди.
Қувонарлиси, пара атлетларимиз мусобақанинг илк кунида 2 та олтин ва 1 та бронза медалига сазовор бўлишди.

Пара енгил атлетиканинг аёллар ўртасида F41 классида ядро улоқтириш тури бўйича Кубаро Ҳакимова 8.38 метр кўрсатгич билан олтин медални қўлга киритди. Худди шу йўналишда яна бир ҳамюртимиз Нигина Ҳусанова 7.39 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

Пара сузиш баҳларида S8 классида 200 метрга комплекс усулда сузиш бўйича ҳамюртимиз Азизбек Бойназаровга тенг келадиган рақиб топилмади. Спортчимиз делегация ҳисобига навбатдаги олтин медални ёздириб қўйди.

Мусобақалар давом этмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА