Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 1 ноябридан 3 декабрига қадар юртимизда илк маротаба “Янги имконятлар сари” биринчи параспорт фестивали доирасида 10 дан зиёд параспорт турлари бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати баҳслари ўтказилмоқда.
5-7 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги Енгил атлетика марказида пара енгил атлетика бўйича, 9-10 ноябрь кунлари эса пара стол тенниси бўйича мусобақалар ташкил этилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Параспорт йўналишларида ўтаётган мазкур Ўзбекистон чемпионатида мамлакатимизнинг барча худудларидан 200 дан ортиқ жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчилар иштирок этмоқда.
Қизиқарли ва муросасиз курашларга бой кечган баҳсларда ғолиб ва совриндор бўлганлар медаль, махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш керакки, ушбу Ўзбекистон очиқ чемпионатлари келажакда паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоасига аъзо ва номзодларни саралаб олишда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА