Италия мезбонлик қилган пара енгил атлетика бўйича “Italian Open 2022” халқаро Гран-при турнири ўз якунига етди.
Мусобақанинг сўнгги куни ҳам вакилларимиз учун муваффақиятли ўтди.
Жумладан, эркаклар ўртасида Ф36/37 классида диск улоқтириш баҳсларида Шаҳбоз Ражаббоев 41,35 метр натижа билан олтин медални қўлга киритган бўлса, худди шу йўналишда кумуш медаль ҳам ҳамюртимизга насиб этди. Аниқроғи, Хайрулло Мадаминов 38,44 метр натижа билан иккинчи ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, эркаклар ўртасида Ф32/33 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган вакилимиз Жасур Хўжаев 10,60 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.
Эркаклар ўртасида Т13 классида узунликка сакраш йўналишида Дониёр Аҳмедов 5,95 метр натижа қайд этди ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Аёллар ўртасида Т11 классида 200 метрга югуриш баҳсларида қатнашган Асила Мирзаёрова 28,07 сония вақт билан кумуш медални қўлга киритди. Худди шу йўналишда Т12 классида стартга чиққан ҳамюртимиз Ёқутхон Холбекова 29,73 сония натижа билан бронза медалига эга чиқди.
Шунингдек, эркаклар ўртасида Ф46 классида ядро улоқтириш баҳсларида қатнашган вакилимиз Мусулмонқул Аҳмедов 12,07 метр натижа қайд этди ва бронза медали соҳиби бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Иззат Турғунов ҳамда Асила Мирзаёрова ўзларининг асосий йўналиши ҳисобланган узунликка сакрашдан ташқари биринчи марта югуриш баҳсларида ҳам иштирок этди ва ижобий натижалар кўрсатди.
Шу тариқа делегациямиз “Italian Open 2022” халқаро Гран-присини 17 та медаль билан якунлади. Шулардан 6 таси олтин, 5 таси кумуш ва 6 таси бронза.
Олтин медаль:
Иззат Турғунов (2та)
Маҳлиё Акрамова (1та)
Дониёр Аҳмедов (1та)
Ёқутхон Холбекова (1та)
Шаҳбоз Ражаббоев (1та)
Кумуш медаль:
Дониёр Аҳмедов (2та)
Хайрулло Мадаминов (1та)
Жасур Хўжаев (1та)
Асила Мирзаёрова (1та)
Бронза медаль:
Жамолиддин Акобиров (2та)
Асила Мирзаёрова (2та)
Ёқутхон Холбекова (1та)
Мусулмонқул Аҳмедов (1та).
О.ЭШМАМАТОВ
ЎзА