Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пара енгил атлетика: Жаҳон чемпионатидаги медалларимиз сони 12 тага етди
08:35 / 2025-10-05

Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида пара енгил атлетика бўйича давом этаётган 12-Жаҳон чемпионатининг ортда қолган саккизинчи кунида мамлакатимиз вакиллари яна битта олтин медални қўлга киритди.

Чемпионатнинг эркаклар ўртасида Т64 классида ташкил этилган баландликка сакраш дастурида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Темурбек Гиязов 2.03 метр натижа қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Ушбу натижа орқали 29 ёшли спортчимиз Темурбек Гиясов шахсий рекордини янгилашга муваффақ бўлди.

Мазкур йўналишда кумуш медаль буюк британиялик Жонатан Брум Эдвардсга(2.00), бронза медали эса Ҳиндистон терма жамоаси аъзоси Правин Кумарга (2.00) тегишли бўлди.

Медаллар жамғариш борасида 12 та олтин, 18 та кумуш ва 7 та бронза билан Бразилия терма жамоаси 1-ўринда бораётган бўлса, кейинги поғоналарни Хитой (9-18-14), Польша(8-2-5) терма жамоалари банд этган.  

Шунингдек, Эрон терма жамоаси ҳисобида 7 та, Колумбия, Ҳиндистон, Буюк Британия, Нидерландия, Италия, Швейцария, Таиланд вакилларида 6 тадан олтин медаллар мавжуд.

Мамлакатимиз пара енгил атлетикачилари 5 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалига эга чиққан ҳолда 100 га яқин давлат ичида 13-ўринни банд этиб турибди.

5 октябрь куни жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида мамлакатимизнинг матонатли ва иродали пара енгил атлетикачиларидан Нурхон Қурбонова, Мадина Мухторова, Сарварбек Норметов, Бобуржон Исомиддинов сингари спортчиларимиз баҳсларда иштирок этади.

Т. Рўзиев, ЎзА