Қозоғистоннинг Остона шаҳрида пара дзюдо бўйича уч кун давом этган Осиё чемпионати ўз ниҳоясига етди. Мусобақада қитъанинг етакчи давлатларидан келган спортчилар ғолиблик учун беллашди.
Ушбу нуфузли чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб иштирок этди.
Спортчиларимиз жами 1 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди. Умумжамоа ҳисобида мамлакатимиз терма жамоаси тўртинчи ўринни эгаллади.
Жумладан, Довурхон Кароматов J2 таснифида (-95 кг.) барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритган бўлса, Шоҳруҳ Мамедов (J1 -81 кг.), Шерзод Намозов (J2 -70 кг.), Фотима Тоирова (J1 -52 кг.) кумуш медалига сазовор бўлди. Шунингдек, Отабек Ирисбеков (J2 -81 кг.), Тиллақўзи Каримжонов (J2 -81 кг.) ва Турғун Абдиев (J1 -95 кг.) ўз йўналишларида кучли учликдан жой олди. Жамоавий дастурда эса эркаклар ва аёллар терма жамоамиз финалга қадар барча рақибларидан устун келиб, кумуш медалига эга чиқди.
Ўзбекистон пара дзюдо мактаби сўнгги йилларда жаҳон спорт аренасида ўз нуфузини мустаҳкамлаб бораётгани ушбу чемпионатда ҳам яққол кўзга ташланди. Терма жамоа аъзоларининг ушбу иродаси, тайёргарлиги ва жонбозлиги мамлакатимизда имконияти чекланганлар спортига бўлган давлат эътибори самараси экани яна бир бор исботланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА