Пара атлетларимиздан навбатдаги медал
Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда.
Чемпионатнинг эркаклар ўртасида F37 тоифасида ўтказилган ядро улоқтириш баҳсларида “Париж-2024” Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндори Толлибой Йўлдошев 15,86 метр натижа билан бронза медалига эга чиқди. Қайд этиш жоиз, бу паралимпиячимиз фаолиятидаги ҳозирга қадар бўлган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Шу тариқа, 22 ёшли Толлибой Йўлдошев ўз фаолиятида иккинчи бор дунё биринчилиги шоҳсупасига кўтарилди.
У 2023 йил Париж мезбонлигидаги жаҳон чемпионатида ҳам бронза медалига сазовор бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, бугун ҳамюртимиз Шаҳина Йигиталиева найза улоқтириш F46 (аёллар) йўналишида 41,97 метр натижа қайд этган ҳолда кумуш медални қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА