Пара атлетларимиз муваффақияти давом этмоқда
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ёшлар ўртасидаги V Параосиё ўйинлари илк кунида Ўзбекистон делегацияси аъзолари 5 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди.
Аниқроқ айтганда, мусобақада Султонпошша Бердиева, Маржона Тошмуҳаммадова, Нурилло Инобиддинов, Баҳриддин Холбўтаев ва Мукаррам Эргашева пара пауэрлифтинг баҳсларида олтин медалга эга чиқди. Турсуной Ўроқбоева кумуш медаль соҳиби бўлди. Шунингдек, Ўғилжон Зарипова, Абдуллоҳ Абдулазизов, Севинчой Юсупова ва Гулсанам Собирова бронза медаль билан тақдирланди.

Параосиё ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Бугун, 11 декабрь куни Параосиё ўйинларининг иккинчи кунги беллашувларида вакилларимиз пара армрестлинг, бочча, пара енгил атлетика, пара пауэрлифтинг ҳамда пара сузиш бўйича мусобақаларда иштирок этади.
Шербек Исломов,
ЎзА