Парҳез маҳсулот кўпаяди
Мамлакатимизда аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, тармоқда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳада фаолият юритаётган хўжаликлар моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, тармоқда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳада фаолият юритаётган хўжаликлар моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги “Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлаётир.
Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 70 дан ортиқ ишбилармонлик субъекти аҳолини балиқ ва балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, соҳани ривожлантириш, балиқ турларини кўпайтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
“Нукус балиқ” масъулияти чекланган жамияти 2007 йилдан буён Кегейли туманидаги “Даут кўл” ҳудудидан балиқ овлаб, аҳоли дастурхонига етказиб бераётган эди. Ўтган йили Мўйноқ туманидаги “Жилтирбас” кўлини тендер асосида узоқ муддатли ижарага олди. Айни пайтда 60 га яқин киши меҳнат қилаётган корхона томонидан 2014 йилда 69 тонна балиқ овланиб, 470 миллион сўм даромад олинди.
Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги табиатни муҳофаза қилиш республика жамғармасининг 124 миллион сўмлик грант маблағи ҳисобидан корхонада балиқ личинкаларини ўстириш йўлга қўйилди. Замонавий технологиялар келтирилиб, инкубация цехи ташкил этилди ва балиқчилик хўжаликларига шартнома асосида личинкалар етказиб берилмоқда.
– Балиқчилик соҳасида озуқа захираси муҳим аҳамиятга эга, – дейди корхона раҳбари Нурмуҳаммет Примбетов. – Шу боис омихта ем ишлаб чиқарадиган цех ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу кам маблағ сарфлаб, кўп даромад олиш имконини беради.
Корхона қошида 2011 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Оқманғит лакрица” масъулияти чекланган жамиятида қизилмия ўсимлиги илдизи қайта ишланиб, асосан, Германия ва Хитойга экспорт қилинмоқда. Йигирма киши иш билан банд бўлган жамият фаолиятини янада кенгайтириш режалаштирилган. Хусусан, жорий йилда 5 миллион долларлик инвестиция киритиш орқали Хитой билан қўшма корхона ташкил этиш мўлжалланмоқда. Соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳаларда кенг қўлланиладиган қизилмия ўсимлиги илдизидан глицирризин кислотаси ишлаб чиқарувчи цехнинг иш бошлаши янги иш ўринлари яратиш имконини беради.